Фарғонада йўл қурилишида жамоатчилик назорати кучайтирилади
Фото: Халқ сўзи
Яқинда ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Бувайда тумани маҳаллаларидан биридаги кўчага 2022 йилги «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида ётқизилган янги асфальт орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яроқсиз ҳолга келиб қолгани ҳақида жамоатчилик ўз эътирозларини билдирган эди.
Бу ҳолат маҳаллий ҳокимлик томонидан назоратга олиниб, йўл янгидан таъмирланди ва муаммо бартараф этилди. Бир қарашда ҳаммаси жойига тушганга ўхшайди. Лекин нима учун давлат бюджетидан сарфланган катта маблағ ҳавога совурилиши керак, деган ҳақли савол туғилади.
Афсуски, кейинги йилларда юртимизда бу каби ҳолатлар учраб туришидан асло кўз юмиб бўлмайди. Хўш, уларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Фарғона шаҳрида соҳа мутасаддилари иштирокида таҳлилий ва танқидий руҳда бўлиб ўтган амалий семинарда ана шу каби оғриқли масалалар муҳокама қилинди.

Айни пайтда Фарғона вилоятида 20 минг 359 км автомобиль йўллари мавжуд. 2022 йили вилоятда 695,2 км йўлларни таъмирлаш, реконструкция қилишга 346,7 млрд. сўм маблағ сарфланган бўлса, жорий йилда ушбу мақсадлар учун 702,6 млрд. сўм маблағ жалб этилиб, 1 минг 227,3 км йўлларни соз ҳолатга келтириш режалаштирилган. Шу тариқа икки йилда вилоятдаги 374 та маҳаллада йўл инфратузилмаси яхшиланишига эришилади.
Аммо эзгу мақсад йўлида барча қурилиш-пудрат ташкилотларини ҳам бу ишга виждонан ёндашади, деб бўлмайди. Бу борада «мендан кетгунча – эгасига етгунча» қабилида иш тутиб, белгиланган юмушлар сифатсиз бажарилиши туфайли жойларда аҳолида ҳақли эътирозлар пайдо бўлмоқда.
— Бу йилдан тендер савдолари тўлиқ шаффоф тарзда ўтказилиши ҳамда қурилиш ишлари сифати устидан қатъий жамоатчилик назорати ўрнатилиши зарур, — деди Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Бундан буён ҳар бир объект бўйича берилган маблағнинг тўғри сарфланиши жиддий назоратга олинади. Шунинг учун йўл қурилиши соҳасининг ҳар бир вакили ўз фаолиятида ҳалоллик, инсоф ва адолатни асосий вазифа сифатида белгилаб олиши лозим.
Йўл қурилишида учраётган муаммолар ҳақида гапирар экан, вилоят ҳокими 2022 йилнинг декабрь ойида ўтказилган тендер савдоларида ғолиб бўлган қурувчи-пудратчилар ўта сусткашликка йўл қўйганини кескин танқид қилди. Бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун соҳа раҳбарлари зиммасидаги масъулиятни жиддий англаб етиши муҳимлигини таъкидлади.
— Бугунги йиғилишдан барчамиз ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олдик, — дейди Фарғона вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Ойбек Назиров. — Эзгу ташаббусга кўра, яқин икки-уч йилда вилоятда таъмирланмаган ички йўллар қолмайди. Шу боис бугунги кунда вилоятнинг ҳар бир шаҳар-туманида ишлар кўлами жуда катта. Айни жараёнда кучли жамоатчилик назорати ўрнатилиши бизга ҳам кўмак беради.
Семинар ишида ушбу соҳага татбиқ этилаётган янгиликлар, замонавий техника ва технологиялар, илғор ғоялар бўйича ўзаро тажриба алмашилди ҳамда устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг