Фарғонада фахрийларга эҳтиром кўрсатилди
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” тантаналар мажмуасида турли соҳаларда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган бир гуруҳ меҳнат фахрийларига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали топширилди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиев, республика “Нуроний” жамғармаси бўлим бошлиғи Абдумажид Умаров иштирок этиб, юксак эътирофга сазовор нуроний отахон-онахонларни самимий қутлашди.
Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 июлдаги қарорига кўра, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилиб, ҳар йили юрт равнақ-ривожига муносиб ҳисса қўшган нуронийлар I, II ва III даражали кўкрак нишонлари билан мукофотланмоқда.
Тадбирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 75 нафар фахрийга I ва II даражали кўкрак нишонлари тақдим этилди.
— Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида нуронийларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди меҳнат фахрийси, I-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишон соҳиби Абдужалил Бобожонов. — Бундай меҳрдан биз кексалар беҳад мамнунмиз. Ҳаётий тажрибаларимиз асосида ёш авлодни халқимизнинг эзгу фазилатларига хос миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга астойдил ҳаракат қиламиз.
Тантанали тадбир давомида вилоятнинг таниқли санъаткорлари, бадиий жамоалари томонидан мумтоз куй-қўшиқлар ижро этилди. Қадрдон оҳанглар барчани даврага чорлади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг