Фарғонада дўстлик форуми: қардошлик, ҳамжиҳатлик ва тинчлик тантанаси

10:54 01 Апрель 2026 Жамият
210 0

Аввал хабар берилганидек, 29-31 март кунлари Фарғона вилоятида «Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Дўстлик форуми» доирасида ранг-баранг мавзуларда маънавий-маърифий учрашувлар ҳамда байрам тантаналари бўлиб ўтди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистон туманида жойлашган «Дўстлик стеласи» пойига анвойи гуллар қўйиб, ўтган йили 31 март санасида уч қардош мамлакат раҳбарлари ташаббуси билан очилган мажмуада самимий суҳбатлашишди.

Шу куни Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида жойлашган «Дўстлик уйи» рўпарасидаги файзли хиёбонда театрлаштирилган концерт дастури ташкил этилди. Мусиқий дастурда қардош халқларга хос эзгу қадриятлар тараннум этилиб, миллатлараро дўстлик, тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлиши учун энг яхши тилаклар билдирилди. Тадбир қатнашчилари «Дўстлик уйи»да турли миллат ва элатларнинг ҳунармандчилик, миллий таомлар ва либослар кўргазмаси ҳамда халқ амалий санъати намуналари билан яқиндан танишдилар.

Айни пайтда бу ерда 8 та миллий маданий марказ – тожик, қирғиз, турк, корейс, немис, татар, славян ва яҳудий марказлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Юзма-юз мулоқотда ҳар бир марказ вакиллари ўз миллатига хос урф-одатлар ва қадриабад анъаналарни бадиий чиқишлар орқали намойиш этишди.

— Фарғона шаҳридаги этногастрономик кўчада ташкил этилган кўргазма ва концерт дастури ҳам барчага жуда манзур бўлди, — дейди Республика қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов. — Эътиборлиси, бизнинг нафақат орзу-мақсадларимиз, балки севимли таомларимиз, меҳмондўстлик қадриятларимиз ҳам ўзаро муштарак. Бундай тадбирларда бир-биримизни тушунишимиз учун бизга таржимон керак эмас.

Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган халқаро конференция «Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлигининг янги даври» мавзусига бағишланди. Илмий-амалий анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжондан ташриф буюрган олимлар, экспертлар ҳамда юртимиз вакиллари қатнашдилар.

Тадбир давомида бир гуруҳ фаолларга Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита томонидан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

— Бундай эътибор ва рағбат янги-янги илмий ютуқлар сари рағбатлантиради, — дейди Фарғона давлат университети мустақил тадқиқотчиси, филолог олим Ҳаётжон Бойбобоев. — Илмий ишим мавзуси қардош халқлар менталитетига хос урф-одатларни ҳам қамраб олиши сабабли қирғизистонлик олимлар билан ҳамкорликни йўлга қўйганман. Ишонаманки, бу борада олиб бораётган илмий ҳамкорлигимиз яқин истиқболда ўз самарасини беради.

Фарғона давлат университетида ўтказилган илмий-амалий конференция дастурига кўра, турли соҳалар бўйича профессор-ўқитувчилар, олимларнинг ўзаро тажриба алмашиши, илм-фан янгиликлари ва ҳамкорлик истиқболлари мавзусидаги қизғин суҳбатлар алоҳида-алоҳида йиғилишлар тарзида давом этди.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер