Фарғонада давлат хизматчилари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали ташаббуси билан “Соғлом давлат хизматчиси” шиори остида давлат фуқаролик хизматчиларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ойлиги давом этмоқда.
Филиал раҳбари ўринбосари Аҳаджон Акбаровнинг қайд этишича, тиббий кўрик жараёнида вилоятдаги барча давлат ташкилотлари ходимлари қамраб олинади. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг 53-моддасида давлат фуқаролик хизматчисини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш мақсадида сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши алоҳида кафолатлаб қўйилган.
Айтиш жоиз, Фарғона вилоятида давлат фуқаролик хизмати тизимига 70 га яқин бошқарма ва ташкилотда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимликлар аппаратида меҳнат қилаётган 48 минг нафар ходим киради. Уларнинг 2 минг нафари раҳбар, 46 минг нафари мутахассис ҳисобланади.
Шу кунларда Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилотлар ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларида фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари ташкил этилмоқда.
Ойлик доирасида Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ходимлари ҳам тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиникада чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликларни даволаш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш бўйича шифокорлар томонидан амалий тавсиялар берилди.
— Бугун тиббий кўрикдан ўтиб, соғлигим борасида хотиржам бўлдим, — дейди Ўзбекистон тумани ҳокимлиги мутахассиси Фахриддин Акбаров. — Шунингдек, руҳий зўриқиш, сурункали чарчаш ҳолатларидан сақланиш, тўғри овқатланиш, иш ва дам олиш меъёрига риоя этиш юзасидан тиббий маслаҳатлар олдим. Маданий ҳордиқ, пиёда сайр қилиш соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ғоятда муҳим эканлигини тушуниб етдим.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг