Фарғонада чегара ҳудуди орқали сифатсиз тамаки маҳсулотларини олиб ўтган шахслар қўлга олинди
Фарғона вилоятида чегара ҳудудидан акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини олиб ўтган шахслар ушланди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сўх тумани бўлими ходимлари, ДХХ ва ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда фуқаролар С.М. ва О.Ғ. ўзаро тил бириктириб, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган, келиб чиқиши ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 2 610 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини Қирғиз Республикасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига «Гулшан» МФЙ ҳудудидаги чегара сим тўсиғини бузиб, олиб ўтганликлари аниқланиб, ушбу тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) ва 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг