Фарғонада байрам шукуҳи

14:10 09 Май 2021 Жамият
1157 0

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Фарғона шаҳридаги сўлим Хотира хиёбонида ташкил этилган байрам тадбирида уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, фаол ёшлар жамул-жам бўлишди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тадбирнинг энг азиз меҳмонлари билан бирма-бир кўришиб, эзгу тилакларини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбийлар, Миллий гвардия, ички ишлар идораларининг жанговар қўшинлари майдон бўйлаб тантанали саф тортиб ўтди. Уруш йиллари ҳарбий машиналари, қурол-аслаҳалари, Қуролли Кучларимизнинг бугунги қудратини кўрсатувчи замонавий техникалар намойиши байрам иштирокчилари қалбини ғурур-ифтихорга тўлдирди.

Ҳарбий оркестр садолари остида вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари «Мотамсаро она» ҳайкали пойига анвойи гулдасталар қўйдилар. Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган жангчиларнинг табаррук номлари ёзилган Хотира китоблари варақланди.

«Ватанпарварлар боғи»даги уруш йилларини акс эттирувчи театрлаштирилган томошалар, жисмоний ва маънавий баркамолликни намоён этувчи машқлар, ҳарбийлар билан юзма-юз мулоқотлар, ҳарбийлар ҳаёти билан яқиндан танишув тадбир қатнашчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.

***

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Видеоселектор тарзида бўлиб ўтган тадбирда Фарғона тумани маркази — Водилдаги вилоят ҳокимлиги қабуллар уйида фарғоналик бир гуруҳ уруш фахрийлари, вилоят фаоллари ҳам иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари инсоният тарихидаги энг даҳшатли урушда мардлик ва жасорат кўрсатган, бугунги тинч-осойишта, дориламон кунларда дуогўй бўлиб, элимиз ардоғида умргузаронлик қилаётган нуронийларимизни табриклаб, эзгу ниятларини изҳор этди.

Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқди.

— Фарғонада ҳам уруш, фронторти меҳнат фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатилди, — деди вилоят раҳбари. – Табаррук хонадонларда иккинчи жаҳон уруши фахрийларига Сизнинг табригингизни ўқиб эшиттириб, Президент совғалари топширилди. Уруш фахрийлари кўзда ёш билан миннатдорчилик билдириб, тинч-фаровон ҳаёт учун дуога қўл очдилар.

Шу куни байрам тадбири вилоят ҳокимлиги қабуллар уйида тўкин дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида давом этди. Файзли даврада бирда қайғули, бирда мароқли хотиралар эсга олинди, қалблар ширин дийдордан яйради.

Санъаткорларимиз томонидан ташкил этилган байрам дастури барча хушкайфият бағишлади.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер