Фарғонада адабиёт ва санъат байрами давом этмоқда

12:58 01 Июнь 2022 Жамият
1209 0

Фото: «Халқ сўзи»

Айни кунларда Фарғона вилоятида «Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт» шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Шу мақсадда вилоятнинг барча шаҳар-туманларида пойтахтдан келган уч юздан зиёд маданият, санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари иштирокида юзма-юз мулоқотлар ташкил этиляпти.

6 июнь кунига қадар давом этадиган кенг кўламли тадбирлар доирасида ҳар бир маҳаллада Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида «Китоб карвони» ташкил этилиб, беш мингдан зиёд китоблар туҳфа қилиш мўлжалланган. «Кинокарвон» лойиҳаси доирасида маҳаллаларда ўзбек кино санъатининг 100 та энг сара намунаси ва сўнгги йилларда ишлаб чиқарилган фильмлар намойиш этилиб, киноижодкорлар билан учрашувлар ўтказилади.

Ёзёвон туманидаги маънавий-маърифий учрашувга кутилмаган меҳмон сифатида кинорежиссёр Иброҳим Расулов, актёр Эгамберди Раҳимов ташриф буюрди. Туманнинг «Марказий Фарғона»маҳалласида истиқомат қилувчи 105 ёшли Зуҳрабиби Акбарова хонадонидаги учрашув ҳам ғоятда мароқли ўтди.

Вилоятнинг олис Фурқат туманида ҳам ижодий байрам шукуҳи деярли ҳар бир маҳаллани қамраб олди. Эстрада вакиллари, бир қатор кино ва театр актёрлари, таниқли олимлардан иборат маънавият тарғиботчилари ташрифи фурқатликлар қалбига бир олам қувонч улашди.

— Бир пайтнинг ўзида туманнинг бир неча маҳаллаларида байрам дастурлари ташкил этилиб, пойтахтдан ташриф буюрган ардоқли санъаткорларимиз ижросидаги куй-қўшиқлар барчани шодон даврага чорлади, — дейди Фурқат тумани ҳокими ўринбосари Зарифа Алихўжаева. — Ўз навбатида маънавий-маърифий суҳбатларда мамлакатимизда кейинги йилларда эришилаётган ютуқлар мазмун-моҳияти бўйича ўзаро фикр алмашилмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер