Фарғонада 800 нафар ўғил-қизга «Президент совғаси» топширилади
Фото: Халқ сўзи
Аввал хабар қилинганидек, юртимизда Янги йил байрами муносабати билан 10 минг нафарга яқин болага «Президент совғаси» тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Худди шундай, бу йил Фарғона вилояти бўйича 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган 800 нафар ўғил-қизга мўлжалланган «Президент совғаси»дан Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўллаган байрам табриги, 14 турдаги ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, термос ва шахмат тўплами ўрин олган.

Шунингдек, жорий йилда мазкур совға таркибига оилавий болалар уйлари, SOS болалар маҳаллалари ҳамда «Меҳрли мактаб»нинг 12 ёшдан катта бўлган тарбияланувчилари учун замонавий электрон китоблар ҳам киритилган.
— Ҳар йили болажонлар интиқлик билан кутадиган «Президент совғаси» 29 декабрь куни вилоят Театр-концерт саройида бўлиб ўтадиган тантанали байрам тадбирида ўз эгаларига топширилади, — дейди Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси мутахассиси Аҳрор Эшматов. — Байрамнинг унутилмас таассуротларга бой ўтиши учун барча имкониятларни сафарбар қилган ҳолда қизғин тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг