Фарғонада 2026 йилга қадар ички йўлларни таъмирлаш тўлиқ якунланади
Фото: Халқ сўзи
Президентимизнинг 2022 йил 18 март куни қабул қилинган «2022-2026 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, ўтган йили Фарғона вилоятидаги 261 та МФЙ ҳудудида ички йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Хусусан, 85 км цемент-бетон, 218 км асфальт қопламали йўллар қуриш ва 228 км йўлларни шағаллаштириш ишлари амалга оширилди. Шу тариқа 2022 йил учун режалаштирилган 531 км ички йўллар тўлиқ таъмирланиб, бунинг учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 167,6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Таъмирлаш ишлари тўлиқ «Шаффоф» платформаси орқали ғолиб бўлган пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилди.
— Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида бу борада яна қўшимча вазифалар белгиланди, — дейди «Фарғона минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Хазратилло Тангатаров. — Шу асосда Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг 2022 йил 15 июнь кунги қарорига мувофиқ, 18 км узунликдаги 25 та ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
Таъкидлаш ўринлики, Фарғона вилоятида давлат дастурлари доирасида ички йўлларни 2026 йилга қадар босқичма-босқич таъмирлаш ишларини якунлаш режалаштирилган. Шу маънода айтганда, яқин уч-тўрт йил ичида вилоятда бирорта носоз ички йўл қолмайди. Бу фарғоналик йўлсозлар учун масъулиятли ва шу билан бирга фахрли юмушдир.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг