Фарғонада 141 минг нафар йигит-қиз сайловда илк бор қатнашади

17:06 21 Октябр 2021 Жамият
754 0

11-Фарғона округ сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. ОАВ вакиллари дастлаб округ сайлов комиссияси фаолияти, округ сайлов комиссиясининг 21 нафар аъзоси ҳамда матбуот марказида журналистлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

-Айни кунларда 1 минг 203 та участка сайлов комиссиясида тайёргарлик жараёни белгиланган тартиб-тамойиллар асосида якунига етказиляпти, - дейди 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Эркин Нуралиев. – Сайлов кодексига кўра, 14-20 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз бериш жараёни ташил этилиб, вилоятда қарийб 65 минг нафар сайловчи ушбу ҳуқуқдан фойдаланди.

Бу йилги сайловда иштирок этувчи 2 млн. 276 минг нафар сайловчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилиб, участка сайлов комисссияларига сайлов варақалари, ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқоплар, антисептик воситалар тўлиқ етказиб берилди. Пандемия шароитида сайловни санитария талаблари асосида ўтказиш учун хавфсизлик чоралари кўрилди.

Таъкидлаш ўринлики, сайловчилар умумий рўйхатига киритилганларнинг 634 минг нафари 30 ёшгача бўлган навқирон авлод вакиллари бўлса, уларнинг 141 минг нафари илк маротаба сайловда қатнашади. Шунингдек, 24 октябрь куни вилоятга 25 нафарга яқин халқаро кузатувчилар келиши кутиляпти.

Тадбир доирасида журналист ва блогерлар Фарғона шаҳридаги 15-, 88-сайлов участкалари фаолияти билан яқиндан танишди.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер