Фарғонада 1,2 миллиард сўмлик газ ўғирлаган тадбиркорлар аниқланди
Фарғона вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида рейд тадбирлари ўтказилган.
Унга кўра, Риштон тумани «Зоҳидон» МФЙда жойлашган «З. К.» оилавий корхонасида хатлов ўтказилганда, истеъмолчи табиий газ тармоғига ҳужжатларсиз уланиб олгани аниқланган.
Билдирилишича, мазкур қонунбузилиш ҳолати оқибатида 466 миллион сўмлик табиий газ ҳажмлари қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шунингдек, Олтиариқ тумани «Юксалиш» МФЙда жойлашган фуқаро М.У.га қарашли хусусий ҳаммомда ҳисоблагичдан олдин тармоқ тортган ҳолда табиий газдан фойдаланиш ҳолати аниқланиб, 380 миллион 666 минг сўм жарима белгиланган.
Бундан ташқари, Фарғона шаҳар Тегирмон кўчасидаги умумий овқатланиш масканидаги текширувлар давомида истеъмолчи ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келаётгани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан 365 миллион 817 минг сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Ҳозирда юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг