Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти халқаро таълим марказига айланмоқда

12:27 02 Март 2026 Жамият
376 0

Мамлакатимиз олий таълим тизимида сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида соҳанинг жозибадорлиги сезиларли даражада ортмоқда. Хусусан, бугунги кунда биргина Фарғона вилоятининг ўзида дунёнинг ўнлаб давлатларидан келган 2 минг нафардан ортиқ хорижлик талаба таҳсил олаётгани эътиборга молик.

2020 йилда ташкил этилган Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида айни пайтда қарийб 7 минг нафар талаба билим олмоқда. Дастлабки ўқув йилида бор-йўғи 7 нафар талаба билан фаолият бошлаган халқаро факультет бугун 1513 нафар хорижлик талабани қамраб олган. Уларнинг асосий қисмини Ҳиндистондан келган ёшлар ташкил этади.

— Назарий билимлар ва амалий кўникмаларни уйғунлаштириш учун институтда барча замонавий шароитлар яратилган, — дейди ҳиндистонлик талаба Аиша Варма. — Профессор-ўқитувчиларимиз жаҳон тиббиётининг сўнгги ютуқлари асосида билим беришга интилади. Ўқув бинолари замонавий талабларга жавоб беради, кутубхоналар эса зарур илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминланган.

Талабалар Фарғона шаҳридаги ихтисослашган тиббий-профилактика муассасаларида амалий машғулотлар ўтайди. Шунингдек, институт қошида фаолият юритаётган клиник базалар ҳам амалиётни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Аиша Варманинг таъкидлашича, Фарғона табиати, меҳмондўст аҳолиси, миллий қадрият ва анъаналари хорижлик талабаларда илиқ таассурот қолдирмоқда. Улар вилоятда ўтказилаётган байрам ва фестивалларда фаол иштирок этиб, маданий муҳит билан яқиндан танишмоқда.

Шу маънода, мазкур таълим муассасаси нафақат юқори малакали тиббий кадрлар тайёрлаш, балки миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, инсонпарварлик ва тинчлик ғояларини тарғиб этишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Мустаҳкам таълим базаси, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва илмий салоҳият эса келгусида соғлиқни сақлаш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер