Фарғона водийсидан олиб келинган кўчатлардан боғ ва узумзорлар барпо этилмоқда

15:54 11 Декабрь 2023 Жамият
345 0

Фото: “Халқ сўзи”

Олот — нафақат Бухоро вилояти, балки мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидан саналади. Туркманистон Республикаси билан чегарадош мазкур туманда боғ – роғ яратиш ҳадисини олган миришкорлар жуда кўп. Айнан улар шу кунларда Фарғона водийсида етиштирилган кўчатлардан боғу токзорлар барпо этишга киришдилар.

Туманга водийдан салкам 70 минг туп мевали дарахт ҳамда ток кўчатлари келтирилди. Бу хайрли юмуш ҳукуматимиз ва Халқаро тараққиёт ва тикланиш банки ҳамкорлиги доирасида амалга оширилди. Бунда республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ҳиссаси катта бўлди. Водийлик боғбонлар етиштирган 17 минг туп олма, 9 минг туп беҳи, 11 минг тупдан зиёд ўрик, 7 мингдан ортиқ шафтоли, кўплаб миқдорда ёнғоқ ва ток кўчатлари тумандаги 38 та маҳаллага тарқатилди. Ҳар бир ҳудуддаги кўчатларнинг баравж ўсиб, ҳосилга киришига масъуллар тайинланди. Бу бежиз эмас. Вилоятнинг барча туманлари қатори Олотда ҳам мевали дарахт кўчатлари парвариши алоҳида эътиборни, аниқроғи, илмий ёндашувни талаб қилади. Акс ҳолда ҳар қандай эзгу иш ҳавога соврилиши мумкин.

Айтмоқчи, жорий йил якунига қадар Олотда 597 минг тупдан зиёд кўчат ўтқазиш кўзда тутилган.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер