Фарғона водийсида нодир қалқонли геккончани муҳофаза қилиш долзарб масалага айланмоқда
Фарғона водийси мамлакатимизнинг табиий ва биологик жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳудудда сақланиб қолган нодир ҳайвонот дунёсининг муҳим ва ноёб вакилларидан бири — қалқонли гекконча (Alsophylax loricatus) сўнгги йилларда йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, илгари Фарғона водийси ҳудудида нисбатан кенг тарқалган ушбу турнинг популяцияси ҳозирги кунда кескин қисқарган.
Қалқонли гекконча Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Қизил рўйхатига йўқолиб кетиш хавфи остидаги тур (Vulnerable) сифатида киритилган. Айниқса, ноқонуний карьерлар фаолияти ушбу жониворнинг табиий яшаш муҳитига жиддий зарар етказмоқда. Қум ва шағал қазиб олиш натижасида ер қоплами бузилиб, табиий ландшафтлар қисқараётгани, майда жониворларнинг яшаш маконлари йўқолиб бораётгани кузатилмоқда.
Айни пайтда қалқонли гекконча асосан Ёзёвон чўллари, қум-барханлар ҳудудида учрайди. Айрим ҳолларда аҳоли хонадонларидаги эски бинолар, ташландиқ жойлар, пахсали уйлар ва чордеворларда ҳам кузатилиши мумкин. Катта ёшдаги аҳоли вакиллари илгари бундай жониворларни кўп учратишганини эслаб ўтишмоқда, бу эса турнинг аввалги кенг тарқалганини кўрсатади.
Қалқонли гекконча, асосан, ер юзасига яқин жойларда — харобалар, эски иншоотлар ва ариқ бўйларида яшайди. Шу боис мазкур ҳудудларда олиб борилаётган назоратсиз қазиш ишлари унинг сўнгги сақланиб қолган яшаш маконларини ҳам йўқ қилиб юбормоқда.
Афсуски, экологик таҳдидлар билан бир қаторда, жамиятда мавжуд айрим нотўғри қарашлар ҳам ушбу турнинг қисқаришига сабаб бўлмоқда. Айрим фуқаролар калтакесакларни асоссиз равишда «ёқимсиз» ёки «зарарли» деб баҳолаб, уларни ўлдиришга мойиллик билдиришади. Ваҳоланки, мутахассислар таъкидлашича, қалқонли гекконча инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз жонивор ҳисобланади. Аксинча, у касаллик тарқатувчи майда ҳашаротлар билан озиқланиб, санитар-эпидемиологик барқарорликни сақлашга ҳисса қўшади.
Шу боис табиатни асраш, жониворларга сабабсиз зарар етказмаслик нафақат экологик, балки маънавий-ахлоқий қадриятларимизга ҳам мос келади. Қалқонли гекконча Фарғона водийси экотизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу турнинг йўқолиши биологик хилма-хилликнинг камайишига, зарарли ҳашаротлар сонининг ортишига ва табиий мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, қалқонли гекконча — Фарғона водийси табиати учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган нодир жонивордир. Уни асраб-авайлаш биологик хилма-хилликни сақлаш, табиий муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда келажак авлодлар учун соғлом экотизимни таъминлаш йўлидаги муҳим вазифалардан биридир.
Гулноза ТЎХТАСИНОВА,
Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши
бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг