Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги экспорти географияси кенгаймоқда
Фарғона вилоятида жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти географияси яна 11 та мамлакат ҳисобига кенгайиб, 67 та давлатни қамраб олди.
Сўнгги йилларда вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида 16 минг гектар янги ер ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилди. Шунингдек, 11 минг гектар майдонда янги боғлар барпо этилди. Узумчилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар самарасида ҳозирда вилоятда 7 минг гектар узумзор мавжуд. Жорий йилда ҳар гектар узумзордан олинаётган даромад ўртача 50 минг долларни ташкил этди.
Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги йилларда пахта ва ғалла экиладиган 25 минг гектар серҳосил ер аҳолига ажратиб берилди. Натижада 110 мингга яқин янги иш ўрни яратилди ҳамда ички бозор эҳтиёжи ва экспорт учун йиллик ўртача 700 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришга эришилмоқда. Жорий йил якуни билан вилоятда 450 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Бувайда туманида ўтказилган тантанали тадбирда ушбу ютуқлар алоҳида эътироф этилди. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тадбир иштирокчиларини Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва Ҳосил байрами билан қутлади.
Тадбирда таъкидланганидек, 2026 йилда вилоятда жами 6,9 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, шу жумладан, 1 миллион тоннадан ортиқ мева ва узум етиштириш режалаштирилган. Қишлоқ хўжалиги соҳалари кесимида 438 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш, 150 миллион долларлик хорижий инвестиция ва халқаро молия институтлари кредитларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Қарийб 5 минг гектар янги ер ўзлаштирилиб, интенсив боғлар барпо этилади, 7,5 минг гектар эски ва кам ҳосилли боғлар эса замонавий талаблар асосида янгиланади.
— Илм-фан ютуқлари, илғор агротехнологиялар ва инновацияларни кенг жорий этиш натижасида вилоятда ҳар гектар пахта майдонидан ўртача 45 центнер, ғалладан эса 85 центнердан ортиқ ҳосил олинмоқда, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. — Жорий йилда вилоят тарихида илк бор 72 минг гектар майдонда 326 минг тонна пахта етиштирилди. Илгари бундай натижаларга эришиш имкони мавжуд эмас эди.

2026 йилги деҳқончилик мавсумида 44 минг гектар ерга хорижий пахта навлари экилиши ва ҳосилнинг қарийб 70 фоизини терим машиналари ёрдамида йиғиштириб олиш режалаштирилган.
Айни пайтда вилоятда пахта толасидан олинаётган ипни матога айлантириш даражаси қарийб 60 фоизга етди. Пахта хомашёсини қайта ишлаш соҳасида тайёр маҳсулот улуши эса 35 фоиздан ошди.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг