Фарғона вилоятида маҳаллий бюджет ҳисобидан мактабларнинг иссиқлик таъминоти яхшиланяпти
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан умумтаълим муассасаларининг иссиқлик таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу мақсадда олиб борилган ўрганишлар асосида қатор мактабларнинг иссиқлик тизимини янгилаш, самарасиз ишлаётган иситиш қозонлари (котёл)ни замонавий ва энергия тежамкор турларига алмаштириш чора-тадбирлари амалга ошириляпти.
— Жорий қиш мавсумида вилоятдаги мактабларнинг қарийб 500 та иситиш қозонларини янгилаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 6,4 миллиард сўм маблағ ажратилган, — дейди Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Одилжон Жалолов. — Юртимизда аномал совуқ ҳукмрон бўлиб турган шу кунларда юздан ортиқ билим даргоҳларининг маънан эскирган иситиш қозонлари ўрнига янгилари ўрнатилди.
Шу кунларда қишки таътильдан сўнг мактабларни очишга тайёргарлик доирасида, энг аввало, иссиқлик таъминотини барқарорлаштиришга ҳаракат қилинмоқда.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг