Фарғона вилояти ҳамда Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик - янги босқичда
Фото: Халқ сўзи
Шу кунларда ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Иқболжон Эргашев бошчилигидаги делегация Россия Федерациясида бўлиб турибди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматидан “Халқ сўзи” мухбирига маълум қилишича, делегация ташрифнинг дастлабки икки куни давомида Курган вилоятидаги қатор ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда фермер хўжалигида бўлди.
2001 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Курган интеграциялашган технологиялар заводида газ поршенли ва дизель двигателлари, газ кучайтиргич ва компрессор станциялари, электр блоклари, қаттиқ маиший чиқиндиларни модулли конструкцияда қайта ишлаш ва утилизация қилишга мўлжалланган ускуналар ишлаб чиқарилади.
Курган интеграциялашган технологиялар заводидан сўнг делегация аъзолари Варгашинский ёнғинга қарши ва махсус техника заводига ташриф буюриб, ишлаб чиқаришдан тортиб буюртмачига етиб боргунга қадар жараёнлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.
Ҳамидулло Ҳайитов асли Ўзбекистондан. Кургандаги ўзбекистонликлар диаспораси раҳбари ҳамда “Лес Сервис” корхонаси асосчиси. 2013 йилдан бошлаб корхона Ўзбекистонга йилига 3 минг куб метр ёғоч-тахта етказиб беради. Бу ерда юртимизнинг турли вилоятларидан борган 50 нафардан зиёд ҳамюртларимиз доимий иш билан таъминлаган.
Шунингдек, ташриф давомида вилоят делегацияси Кетовский туманида жойлашган чорвачилик фермер хўжалиги, сосна кўчатлари етиштирилаётган иссиқхона фаолияти билан ҳам танишди.
Фарғона вилояти делегациясининг Россияга ташрифи давом этмоқда.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг