Фарғона вилояти: чегараларни ўзгартиришдан мақсад нима?

16:13 25 Август 2022 Жамият
1535 0

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрдаги “2020-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил сентябрда вилоятга ташрифи давомида берилган қўшимча топшириқлар ижроси бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида қурилиши режалаштирилаётган 9, 12, 16 қаватли арзон уй-жойлар учун “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган янги турар жой даҳаларининг Бош режа жадвалларига асосан вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларидан танланган ер майдонлари белгиланган тартибда ажратилиб, ушбу шаҳарлар ҳудудига ўтказилади.

Вилоят шаҳарлари чегараларининг ўзгариши, тўғрироғи, кенгайишидан кўзланган мақсад нима? Бунинг фуқароларга қандай нафи тегади? Қўқон шаҳрига Данғара туманининг “Чодаклик”, “Катта Ганжиравон”, “Тўлабой” ва “Манғит” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон туманининг “Мингтут”, “Қум”, “Навбаҳор”, “Ўрта қишлоқ”, “Фаровон келажак”, “Наймансой”, “Қатағон” ва “Овчи” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Учкўприк туманининг “Фаровон”, “Тошкентлигузар” ва “Анҳор бўйи” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидан маълум ер майдонлари ўтказиб берилади. Бунда шаҳарнинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш кўзда тутилган. Бўш турган ва қурилиши тугалланмаган бино-иншоотлар, ер майдонларидан самарали фойдаланиш имконияти яратилади. Йўл бўйи инфратузилмасини яхшилаш орқали сервис ва хизмат кўрсатиш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Аҳолининг кам таъминланган қатлами бандлигини таъминлаш, фуқаролар даромадини кўпайтириб, уларнинг турмуш фаровонлигини, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш мақсад қилинган.

Марғилон шаҳрига Фарғона туманининг “Чекшўра”, “Машраб”, “Бобур” даҳаси, Қўштепа туманининг “Сармозор”, “Эшонгузар” даҳаси, “Хумдон”, “Ўқчи” ва “Мумтоз” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Тошлоқ туманининг “Оқ олтин саховати” даҳаси, “Тошлоқ” ва “Терактаги” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан, Фарғона шаҳрига Фарғона туманининг “Илғор”, “Чекшўра” ҳамда “Ўрташўра” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан ер майдонлари ўтказиб берилмоқда.

Данғара, Ўзбекистон ва Учкўприк туманларидан Қўқон шаҳрига туташ бўлган ва шаҳар маъмурий ҳудудига қўшиб берилаётган ер майдонларида жойлашган маҳаллалар фуқаролари даволаниш учун шаҳар марказий шифохонасига боришади, барча коммунал йўналишдаги хизматлар шаҳар ташкилотлари томонидан кўрсатилади.

Қўқон шаҳрининг тасдиқланган Бош режаси бўйича аҳоли сони 253 минг киши бўлиб, 2035 йилда 350 минг нафарга етади. Аҳоли ўсишини ҳисобга олган ҳолда кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа, инфратузилма, сервис объектлари қурилиши режалаштирилган. Бундай объектларни аҳолига зарар етказмаган ва харажатларни камайтирган ҳолда қўшиладиган ерларда янги турар жой массивларини барпо этиш ва шу орқали эҳтиёжни қондириш, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларда шаҳарликларга озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш мумкин. Бу ер майдонларида жойлашган аҳоли кўрсатиладиган давлат хизматлари учун 10-20 километр масофага қатнашмайди.

Марғилон шаҳрига қўшиб берилаётган “Хумдон”, “Ўқчи” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи оилалар фарзандлари шаҳар мактабларида ўқийди, шунингдек, аҳолига шаҳар тиббиёт муассасалари хизмат кўрсатади. Фарғона туманидан қўшиладиган ерларда кўп қаватли уйларни ўз ичига олган массивлар, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилади. Аҳоли эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилади, саноат корхоналари қурилади.

Вилоят марказига Фарғона туманидан қўшиб берилаётган ер майдонларида Экошаҳар қурилмоқда. Якка тартибдаги уй-жойлар, дала ҳовлилар ҳамда нотурар, ижтимоий соҳа объектлари шаҳар коммунал ва ижтимоий хизматларидан фойдаланади. Аҳоли давлат хизматлари учун 25 километр узоқликдаги туман марказига қатнашдан халос бўлади.

Бир сўз билан айтганда, чегаралардаги ўзгаришлар вилоят шаҳарларини 2022-2030 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун зарур бўлган ҳудудларни белгилаш, кўплаб инвестиция лойиҳаларини рўёбга чиқаришга замин яратади.

Шаҳарларнинг ривожланиш концепциясига мувофиқ, Данғара туманидан 814,9, Ўзбекистон туманидан 1456 ва Учкўприк туманидан 424,66 гектар ер майдонлари Қўқон шаҳри, Фарғона туманидан 951,5, Қўштепа туманидан 133,59 ва Тошлоқ туманидан 34,4 гектар ер майдонлари Марғилон шаҳри, Фарғона туманидан 811,66 гектар ер майдонлари Фарғона шаҳри таркибига ўтказиб берилади.

Фарғона вилояти қурилиш бошқармаси томонидан тақдим этилган шаҳарларнинг Бош режасига асосан чегаралар йўллар, канал ва сойлар, кўчмас мулк объектларининг бир томонида қолдириб, контурлар яхлитлигини инобатга олган ҳолда лойиҳа ишлари амалга оширилди.

Нодиржон МАШРАПОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги

Кадастр агентлиги Фарғона вилояти

бошқармаси бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер