Фарғона политехника институтида “Япон тили ва япон технологияларини ўргатишга мўлжалланган марказ” ташкил этилади
Юртимизда ёшларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, доимий иш ҳамда муносиб даромад олишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мана шундай стратегик йўналишдаги ишлар давоми Фарғона политехника институтида ҳам ўз аксини топмоқда.
Куни кеча Япониянинг илғор компаниялари учун малакали мутахассислар тайёрлаб берувчи “Willtec”, “Wat consulting” ва “Nippondo” компаниялари раҳбарлари институтга ташриф буюрди. Фарғона политехника институтида “Япон тили ва япон технологияларини ўргатишга мўлжалланган марказ”ни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Олийгоҳ битирувчиларининг Японияда ўз мутахассисликлари бўйича фаолият олиб бориш имкониятини тақдим этувчи ушбу марказ, дастлабки босқичда олийгоҳнинг кундузги ва сиртқи бўлимларда қурилиш ва архитектура йўналишларида таълим олаётган 4 минг нафардан зиёд талабани қамраб олиши кўзда тутилган. Бир вақтнинг ўзида 175 нафар талабага Япон тили ва япон технологияларини ўргатишга мўлжалланган марказ, икки йиллик дастур асосида ўқув амалиётларини ташкил этади. Япониянинг йирик қурилиш компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борувчи “Wat consulting” марказни муваффақиятли тамомлаган олийгоҳ битирувчиларини Японияда ўз мутахассисликлари бўйича меҳнат фаолияти олиб боришларини таъминлайди. Кейинги босқичда марказ кенгайтирилиб, бошқа йўналишларда таълим олаётган талабалар ҳам жалб этилади.
Аҳолиси йил сайин кексайиб бораётган Японияда тил билувчи ва замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмасига эга малакали мутахассисларга катта эҳтиёж мавжудлигини қайд этган японияликлар, Фарғона политехника институти талабаларининг билим ва салоҳиятини юқори баҳолаб, ўқув маркази битирувчилари, ўз мутахассисликлари бўйича фаолиятларини Японияда муваффақият билан давом эттиришларига ишонч билдиришди.
Таъкидлаш жоизки, Япониянинг “Willtec” компаниясининг асосий фаолият йўналишларидан бири йирик саноат корхоналарига хориждан малакали ва салоҳиятли кадрларни жалб этиш ва ишга жойлаштириш ҳисобланади. Фарғона политехника институтида ташкил этиладиган марказ Фарғона вилояти ёшлари учун Япониянинг йирик компанияларида ишлаш имкониятини яратади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг