Фарғона давлат техника университетида марказлашган ўқув ва илмий-инновация лабораторияси иш бошлади

10:40 16 Март 2026 Жамият
166 0

Айни пайтда Фарғона давлат техника университетида назарий ва амалий билимлар уйғунлигини таъминлаш энг муҳим вазифалар сирасига киритилган.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар доирасида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг илмий-инновация йўналишидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида жаҳон андозалари даражасида замонавий шароитлар яратилмоқда. Университетда иш бошлаган марказлашган ўқув ва илмий-инновация лабораторияси ушбу йўналишдаги изланишларнинг амалдаги яна бир самарасидир.

— Янги марказда, энг аввало, талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш мақсад қилинган, — дейди университет профессори Одилжон Ибрагимов. — Бу ерда истиқболли стартап лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун вилоятдаги саноат, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилади. Янги авлоднинг инновация ғояларини амалиётга – даромадли тадбиркорликка айлантиришга кўмаклашилади.

Ўз навбатида профессор-ўқитувчилар ва талабалар биргаликда илмий изланишлар олиб бориши ҳамда мазкур йўналишда амалий тажрибалар ўтказиши учун барча имкониятлар мавжуд. Шу мақсадда марказда жаҳон тажрибаси асосида «яшил» иқтисодиёт, рақамли технологиялар, сунъий интеллект сингари бир неча илғор йўналишлар бўйича илмий-амалий фаолият ўзаро мувофиқлаштириб борилади.

Марказ тўлиқ замонавий технологиялар ва жиҳозлар билан таъминланди. Эзгу ташаббусга кўра, лаборатория фаолияти босқичма-босқич кенгайтириб борилиши режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер