ФАО томонидан Қамаши туманидаги қишлоқ аҳолисига кўчма уруғ тозалаш заводи топширилди
Фото: "Халқ сўзи"
Юқори ҳосилдор навларнинг уруғларини етиштириш яхши ҳосил олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини оширишнинг асосий шарти ҳисобланади.
Бироқ, уруғларни кўпайтириш пайтида механик шикастланиш, ўзаро чангланиш, сегрегация, мутация ва бошқа жараёнлар натижасида вақт ўтиши билан генетик тозалик бузилади. Шунинг учун сертификатланган ўсимлик навларини ишлаб чиқариш учун асос бўладиган уруғларини вақти-вақти билан янгилаб туриш керак. Шундан ҳам фермерлар уруғларни бозор нархларида етказиб бериш ва кўпроқ фойда олиш учун сертификатланган уруғларни ишлаб чиқаришдан манфаатдор.
Уруғчиликнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Сара Уруғ Янги Ҳаёт” қишлоқ хўжалиги кооперативига янги замонавий ускуна-уруғларни тозалаш учун кўчма кичик заводини топширди. Бу уруғ етиштириш муаммоларини нисбатан тез ва кам харажат билан ҳал қилиш имконини беради. Кўчма завод ихчамлигига қарамай, юқори сифатли уруғларни ишлаб чиқариш жараёнининг барча босқичларини тўлиқ бажаришга қодир.
“Ушбу қурилма самарадорликни оширишда катта салоҳият ва истиқболга эга. У ишлаш жараёнида уруғлик материалларидан ҳажми ва шакли бўйича саралайди ва механик зарар етказмайдиган технологиялар қўлланилади. Чанг, қобиқ, майда бегона ўт уруғлари каби енгил аралашмалар олиб ташланади ва натижада сифатли уруғлар олинади”, — дейди CACILM-2 лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
Ускуна топширилган “Сара Уруғ Янги Ҳаёт” қишлоқ хўжалиги кооперативи 20 га яқин фермер хўжаликларини бирлаштиради. Кўчма завод 10 минг гектар экин майдонида етиштирилган уруғликни қайта ишлаш имконини беради.
Янги ускуна нафақат меҳнат унумдорлигини ошириш, балки вақт ва ресурсларни сезиларли даражада тежаш, фермерлар даромадини ошириши кутилмоқда. У буғдой, мош, шоли, маккажўхори, нўхат, тариқ, кунгабоқар, соя, арпа, мойли экинлар уруғларини, шунингдек, қаҳва ва ем-хашак экинлари ҳамда сабзавот уруғларини ҳам қайта ишлаши мумкин.
Ёрдам ФАОнинг “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида тақдим этилди. У Глобал Экологик Жамғарма томонидан молиялаштирилиб, Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг