“Фахр эт доим қудратли юрт, бой тил насаб-наслинг билан”
Наманган шаҳридаги 33-умумтаълим мактабида ташкил этилган анжуман “Фахр эт доим қудратли юрт, бой тил насаб-наслинг билан” деб номланди. Тадбирда она тилимизнинг беқиёс имкониятлари, унинг бойлиги ва софлигини сақлаш, равнақи йўлида амалга оширилаётган амалий саъй-ҳаракатлар ифодаланган очиқ дарслар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Бунда ўқувчиларга она тили ва адабиёти фанларини пухта ва мукаммал ўқитиш, машғулотларни ташкил этишда илғор усуллар ва замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. Мультимедиа воситалари, кўргазмалар ва слайдлар асосида ўтказилган очиқ дарсларда Наманган шаҳридаги 85 та умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани муаллимлари фикр-мулоҳаза алмашиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Тил – миллат кўзгуси. Уни мукаммал ўрганиш, она тилига меҳр-муҳаббат ёш авлоднинг миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида юксак маънавиятли, интеллектуал салоҳиятли инсон сифатида камол топишида беқиёс аҳамият касб этади. Ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган анжуман адабий-бадиий кечага уланиб кетди. Ўқувчи ёшлар ижросидаги саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар билан давом этган тадбир она тили, адабиёт ва маънавият байрамига айланди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг