Фабрикага келган ўқувчиларга либослар ҳадя этилди

10:57 05 Март 2021 Иқтисодиёт
1299 0

Қарши шаҳридаги “Sanam” тикувчилик фабрикаси" масъулияти чекланган жамияти жамоаси томонидан Қашқадарё вилояти 18-кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасининг 225 нафар ўқувчиси корхонага таклиф этилиб, ҳар бирининг эгнига мос келадиган либослар ҳадя қилинди.

Масъулияти чекланган жамият кузатув Кенгаши раиси Шаҳбоз Абдуллаевнинг маълум маълум қилишига кўра, фабрика жамоасининг бу ҳиммати «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» доирасида ўтказилган хайрли тадбирлардан биридир. Унда ўқувчилар корхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Бинобарин, фабрикага ўтган 2020 йилда ҳам 65 нафар «темир дафтар»га кирган хотин-қиз ишга олинган эди ва улар бугунги кунда «устоз-шогирд» анъаналари асосида тажрибали тикувчилар қўл остида чеварлик сир-асрорларини астойдил ўрганиб, замонавий тикув машиналарини мустақил бошқаришмоқда.

Бугунги кунда корхонанинг ишлаб чиқариш цехларида 600 нафарга яқин маҳаллий йигит-қиз иш билан банд этилган бўлиб, улар томонидан 100 турдан ортиқ кийим-кечаклар тайёрланмоқда. Корхона цехларига товуш чиқармайдиган замонавий электрон махсус тикув дастгоҳлари, безак берадиган компьютер машинкалари келтириб ўрнатилганлиги иш сифати ва самарадорлигини таъминламоқда. Корхонанинг ISO 9001 стандарти талабига жавоб беришини тасдиқлайдиган мувофиқлик сертификатининг қўлга киритгани эса “Sanam” бренди асосида хорижий бозорларга маҳсулот чиқариш имкониятини яратмоқда. Ўтган 2020 йилда корхона томонидан ички ва ташқи бозорларга 11,8 миллиард сўмлик 100 хилдан зиёд маҳсулот чиқарилгани фикримизнинг яққол тасдиқлаб турибди.

Хитой, Ҳиндистон, Германия давлатларидан 500 дона тикув ҳамда 45 дона пресслаш дастгоҳлари келтириб ўрнатилгани боис, ишлаб чиқариш цехларида ортиқча хомашё чиқити ва энергия сарфи камайди. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи ҳам кескин пасайди. Маҳсулотларнинг сифати яхшиланиб, рақобатбардошлиги ортди.

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер