Эзгуликка чорловчи улуғвор кунлар

15:23 17 Май 2018 Жамият
2036 0
Фото: kun.uz

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 11 майда имзоланган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда меҳр-оқибат, мурувват ва саховат ҳамда аҳиллик каби улуғвор муносабатларнинг янада барқ уриб, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик ва бағрикенглик сингари олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлашга мустаҳкам замин яратади.

Бугун юртимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳада катта ютуқ ҳамда марраларни қўлга киритаётгани, албатта, Парвардигорнинг бизга кўрсатаётган чексиз марҳаматидир. Бинобарин, Ўзбекистонимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимиз турмуш даражаси, фаровонлиги тобора ортиб бормоқда.

Айтиш жоизки, мазкур ой давомида ташкил қилинадиган турли маросимларни камтарона, кўтаринки шоду хуррамлик ила ўтказиш ҳар биримизнинг саъй-ҳаракатларимиз ва эзгу ниятларимизга ҳамоҳангдир. Бу борада давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда, Рамазон ойини жойларда, миллий анъана ҳамда қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг амалга оширилиши белгилангани айни муддао бўлди. Айниқса, Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, тинч ҳамда осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга даъват этадиган савобли амаллар ва тарғибот ишлари уюштирилиши аҳоли, хусусан, ёшларимиз учун муҳим саналади. Зеро, эл-юртимиз учун азалдан меҳр-шафқат, ҳамжиҳатлик рамзи бўлиб келган муаззам айёмнинг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни ниҳоятда беқиёс.

Қарорда таъкидланганидек, ушбу муқаддас ойда ёрдамга муҳтож ҳамда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирлар дилларда эзгулик туйғусини жўш урдириши, шубҳасиз. Шундай экан, дуо қиламизки, Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини, халқимиз фаровонлигини янада зиёда айласин.

Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер