Эзгулик манзили: Фарғонада 500 та оилага 280 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди
Фарғона вилоятида жорий йилнинг дастлабки икки ойида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан меҳр ва эътиборга муҳтож оилаларга 21 млрд 223 млн сўмлик мурувват ёрдами кўрсатилди.
Бундай ёрдамлар сирасига даволаниш, дори-дармон, тиббий ашёлар ҳамда кундалик озиқ-озиқ маҳсулотлари киради.
Айни жараёнда фонднинг тиббий-ижтимоий гуруҳлари вилоятнинг энг чекка ва олис ҳудудларида бўлиб, аҳолига тиббий-профилактик хизматлар ҳам кўрсатиб келмоқда. Хусусан, ўтган даврда шаҳар-туманлар кесимида 213 та МФЙ қамраб олинган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Унга ижтимоий дафтарлар рўйхатида турувчи оилаларнинг 15 минг нафардан зиёд аъзолари – хотин-қизлар ҳамда болалар қамраб олинди.

Ўрганишлар давомида туғма нуқсони, ортопедик касалликлари ва куйиш жароҳати асоратлари бўлган 162 нафар болаларнинг жарроҳлик амалиёти учун 120 млн сўм маблағ ўтказиб берилди. Ўз навбатида туғма нуқсон билан туғилган 12 нафар кичкинтойнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида 175 млн сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, халқаро ҳамкорлик доирасида икки нафар бемор бола Германиянинг нуфузли клиникаларида бепул даволаниб келиш имконига эга бўлди.

—Эзгу анъанага кўра, қутлуғ Рамазон ойида бу борадаги хайрли ташаббуслар янада кенг қулоч ёзмоқда,—дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари Нурилло Худойберганов.—Бу ойда “ONA” жамоат фонди билан ҳамкорлигида Қува, Тошлоқ, Ёзёвон ва Қўштепа туманида истиқомат қилувчи 500 та кам таъминланган оилага қарийб 280 млн сўмлик 12 турдаги кундалик зарурий маҳсулотлари етказиб берилиши таъминланди.
Бу каби хайрия тадбирлари Наврўз байрами ва Рамазон ҳайити кунлари ҳам вилоят миқёсида кенг давом этиб, яна юзлаб оилаларга хурсандчилик улашиш мақсад қилинган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг