Эзгу анъанага амал қилиб...
Фото: Халқ сўзи
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Сирдарё вилоятида мунис онахонлар, азиз опа-сингилларни қутлуғ айём билан муборакбод этиш билан бир қаторда эътиборга муҳтож хотин-қизлар ҳолидан хабар олинмоқда.
Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев бошчилигида вилоят, туман, шаҳар секторлари раҳбарлари Янгиер шаҳридаги «Мурувват» аёллар интернат уйига ташриф буюрди.
Беморлар ҳамда муассаса шифокорларига совғалар, зарур анжомлар, гигиеник воситалар топширилди. Байрам дастурхони ёзилди. Меҳмонлар маскандаги шарт-шароитни кўздан кечириб, бу ердаги аёллар билан дилдан суҳбатлашди.
— Сўнгги йилларда вилоятимизда бундай масканларга ҳомийлик қилиш анъанага айланиб улгурди, — деди Ғ. Мирзаев. — Эътиборга муҳтожларга саховат кўрсатган, ҳолидан хабар олиб турган борки, у хоҳ раҳбар бўлсин, хоҳ тадбиркор ёки фермер, аввало, чексиз савоб олиш билан бир қаторда фикри янада теранлашади, ҳаёт ҳақидаги қарашлар, тасаввурлар буткул ўзгаради. Шу сабабли эзгу анъанани доимий давом эттиришимиз керак. Қилаётган амалларимиз ёшларни меҳр-оқибатли қилиб тарбиялашда ҳам жуда асқатади.
Таъкидлаш жоизки, 1994 йилдан буён фаолият юритаётган ушбу «Мурувват» уйида айни пайтда 160 нафар турли ёшдаги хотин-қизлар стационар тартибда даволанади. 6 нафар малакали шифокор ва 27 нафар ҳамшира, тажрибали психолог ва бошқа соҳа мутахассисларидан иборат бўлган фидойи жамоа уларнинг хизматида. Бу ерда сурат чизиш, қўл меҳнати ҳамда спорт билан шуғулланиш имконияти ҳам яратилган.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг