Эзгу амаллар янада кенг қулоч ёзмоқда
Рамазон ойи ўз мазмун-моҳиятига кўра, меҳр-шафқат ва эҳсон ойидир. Ушбу ойда ўзаро инсонпарварлик, меҳр-оқибат ришталари янада кенг қулоч ёзади.
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими ва унинг ҳудудлардаги бўлинмалари ҳам бу борадаги ишларга муносиб ҳисса қўшишяпти.
Фонд томонидан ушбу муборак кунлар бошланганидан буён бир қатор хайрия тадбирлари ташкил этилди ва бу изчил давом эттирилаётир.
Жумладан, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз қариялар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун ифторлик дастурхонлари ёзилиб, тегишли миқдордаги эҳсонлар ҳамда ёрдамлар тарқатилмоқда.
— Бугунгача вилоят туман ва шаҳарлардаги хайрия тадбирлари учун 9 млрд. 200 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди, — дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бўлими бошқаруви раиси Дилшод Шоисмонов. — Бунда барча туман ва шаҳар маҳаллаларида ифторлик ташкил этиляпти. Шу билан бирга, вилоятдаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинаётир.
Таъкидлаш жоизки, барча ҳудудларда амалга оширилаётган тадбирлар Президентимизнинг Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш ҳақидаги тегишли қарори ижросига йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Шодиёр Мутаҳаров, "Халқ сўзи".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг