Эзгу амаллар инсон ҳаётини безайди
Сахийлик замирида яхшилик ва эзгулик тушунчалари мужассам. Бинобарин, сахий одам ана шу сифатлари билан обрў-эътибор қозонади, раҳмат эшитади. Айниқса, кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам қўлини узатиш инсон ҳаётини безайди.
Бугун пандемия шароитида шундай саховатпеша инсонлар кўплигини ва улар томонидан амалга оширилаётган хайрли ишларни кўриб, халқимизга хос эзгу қадриятлар бардавом эканидан дил қувонади.
Қўли очиқ кишилар кўмагини тўғри йўналтириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ҳамда тезкор тадбирлар амалга оширилаётганини айтиш жоиз.
Мана шундай асрий эзгу қадриятларга таянган ҳолда, жорий йилнинг 20 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилган эди. Айни чоғда умумхалқ ҳаракатни амалга ошириш учун Президентимиз жорий йилнинг 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида бандлик масаласига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини манзилли асосда қўллаб-қувватлаш юзасидан вазифалар белгиланганди. Аниқроғи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига “Саховат ва кўмак” жамғармаси фаолиятини мунтазам назорат қилиб бориш ва уни мувофиқлаштириш вазифаси топширилганди. Шундан келиб чиқиб, Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан кундалик жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Шу билан бирга, туман ва шаҳарларда сектор раҳбарлари маҳаллалар билан бирга ҳар бир оиланинг моддий аҳволини ўрганган ҳолда, ҳафталик ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантирди. Уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, дори-дармон воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳажми белгиланиб, маълумотлар маҳаллий Кенгашларга киритилди. Бу борадаги ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш керакки, маълумотлар ҳар бир маҳалла кесимида шахсан сектор раҳбарининг назорати остида тузилган ишчи гуруҳ томонидан шаффоф ҳолда аниқланди. Бунда, аввало, карантин вақтида ишсиз қолган, чет элдан қайтган фуқароларни ўрганиш ва улар бандлигини таъминлаш эътиборга олинмоқда.
Эҳтиёжманд шахсларга моддий ёрдам бериш ҳамда кам таъминланган оилаларда бунинг сабабини ўрганиш ва уни бартараф қилиш бўйича таклифлар шакллантирилаётганини ҳам қайд этиш ўринлидир.
Ўтган даврда “Саховат ва кўмак” жамғарма фондига маблағ ва маҳсулот ҳамда бошқа нарсалар ҳисобига ҳисса қўшаётган ҳомийларнинг рўйхати тузилди. Ушбу жараёнда тадбикорлар манфаатларини ҳимоялаш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, иш ўрни билан таъминлаш ва пул маблағлари ўтказиш уларнинг ўз хоҳиши билан амалга оширилаётгани ҳамда ҳеч ким томонидан мажбурлов бўлмаганлигига аниқлик киритишга ҳам катта эътибор берилаётир.
Шу саъй-ҳаракатлар натижасида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Республика бўйича жорий йилнинг биргина апрель ойида 299 минг 24 нафар эҳтиёжманд аҳоли иш билан таъминланди. Бундан ташқари, 14 минг 568 хонадонга зарур дори-дармон воситалари, 316 минг 683 тасига эса озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Қолаверса, 62 минг 34 та хонадонга пул кўринишида моддий кўмак кўрсатилди.
Пандемия даврида жамғармага ўзларининг ҳиссасини қўшган тадбиркор ва ҳомийларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, улар билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, биринчи навбатда, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда тадбиркор ва ҳомийларни қўллаб-қувватлаш орқали барчани ана шу каби эзгу ишларга янада рағбатлантиришдан иборат.
Маълумки, аждодларимиз хайру саховат кўрсатишни ўзларининг қалб амрига кўра бажарган. Энг қийин вазиятларда ватандошларини ҳам маънавий, ҳам моддий қўллаб-қувватлаган. Бугун ҳам ана шундай эзгуликлар кенг қулоч ёзмоқда. Саховатли халқимиз бор экан, бугунги синовли кунлардан ҳам, албатта, ёруғ юз билан ўтиб оламиз.
Толибжон МАДУМАРОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Маҳаллий ҳокимият
вакиллик органлари фаолиятини
кучайтиришга кўмаклашувчи
комиссияси раиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг