Европа ва Марказий Осиё университетлари ўртасида стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

20:09 14 Апрель 2026 Жамият
175 0

«Марказий Осиё — Европа Иттифоқи университетлари» конгресси доирасида Польша фан ва олий таълим вазири Марсин Куласек ҳамда Қирғиз Республикаси таълим ва инновация вазири ўринбосари Дурус Козуиев бошчилигидаги меҳмонлар «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида бўлди.

Дастурга кўра, меҳмонлар учун университет талабалари томонидан яратилган стартап лойиҳа намойиш қилинди. Шунингдек, улар талабаларнинг инглиз тилида ташкил қилинган «Заковат» интеллектуал ўйини ҳамда тоғ туризми йўналишида амалга оширилган инновацион лойиҳани кузатиш имконига эга бўлдилар.

Ташриф давомида меҳмонлар талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишди. Дурус Козуиев университетда таълим олаётган 5 нафар қирғиз ёшлари билан суҳбатлашди ва уларнинг ўқиш шароитлари билан қизиқди.

Конгресснинг иккинчи кунида «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида олий таълим муассасалари ўртасида самарали мулоқотлар, В2В учрашувлар ва икки томонлама музокаралар ташкил этилди. Ушбу учрашувлар натижасида университетлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор келишувларга эришилди.

Хусусан, конгресс доирасида Ўзбекистон ва Европа университетлари ўртасида академик мобилликни ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини кенгайтиришга қаратилган 50 дан ортиқ меморандум ва шартномалар имзоланди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер