Евроосиё кончилик фанлари академияси ҳақида эшитганмисиз?
Фото: "Халқ сўзи"
Ушбу академияга 2018 йилда Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида асос солинган бўлиб, уни таъсис этишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия, Украина ва Беларусь Республикаси вакиллари ташаббус кўрсатган эди.
Ўшанда кончилик соҳасидаги илмий изланиш ва инновацион янгиликларни алмашиш мақсадида йўлга қўйилган ушбу Академиянинг ҳар икки йилда бир маротаба Кончилик конгрессини чақириш белгиланиб, ўтган йили унинг илк анжуманига Ўзбекистон мезбонлик қилиши лозим эди. Бироқ пандемия туфайли Конгрессни ўтказиш муддати бироз ортга сурилган бўлса-да, унга аъзо мамлакатларнинг кончилик соҳасидаги етук олимлари бир қатор халқаро анжуманларда ўз илмий изланиш ва ишланмалари билан Евроосиё кончилик фанлари академияси номидан иштирок этдилар.
Шундай қилиб, Евроосиё кончилик фанлари академиясининг I конгресси жорий йилнинг 11-12 ноябрь кунлари Навоий давлат кончилик институтида бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг кончилик соҳаси олимлари билан бирга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Россия ва Мўғулистон давлатларидан тармоқ экспертлари ҳамда етакчи мутахассислар офлайн ва онлайн тарзда қатнашди.
– Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақада олтин ва уран захираларига бой мамлакатлар ҳисобланади, - дейди Қозоғистон Фанлар академияси академиги, Д.Кунаев номидаги Кончилик иши институти директори Николай Буктиков. – Захира ҳали қўлда, нақд дегани эмас. Мисол учун, олтин қазиб олишда Ўзбекистон, уран ишлаб чиқаришда Қозоғистон Осиёда етакчилик қилади. Шу жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, бир-биримиздан ўрганадиган, тажриба алмашадиган мавзулар ниҳоятда кўп. Албатта, бу ўз-ўзидан ишлаб чиқариш интеграциясига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Конгрессда иштирокчилар бешта секцияга бўлиниб, геотехнология ва минерал хомашёларни қайта ишлаш, физика-кимё технологияси, машинасозлик, кончилик соҳалари бўйича юзга яқин илмий маърузаларни муҳокама қилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг