Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик олий таълим соҳасига қандай таъсир кўрсатади?

12:24 19 Апрель 2020 Сиёсат
1368 0

Интеграция – глобаллашув давридаги табиий жараёндир. Барча давлатлар ўз миллий манфаатлари нуқтаи назаридан муайян интеграцияга интилади. Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар сингари, бу жараёнлардан четда қолиб кетиши мумкин эмас.

Президентимиз ўз мурожаатномасида интеграция масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Бугунги кун тартибимизда учта катта ташкилот билан интеграциялашув масаласи бор. Булар – Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Жаҳон савдо ташкилоти, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги битимни тузиш.

Ҳозирги кунда турли соҳа вакиллари томонидан Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги масалалари қизғин муҳокама қилинмоқда. Евроосиё иқтисодий иттифоқига қандай мақомда аъзо бўлиш, аъзоликнинг ижобий ва салбий томонлари юзасидан мутахассислар томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Олий Мажлиснинг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳам Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик таълим соҳасида қандай ўзгаришларга олиб келиши юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишинг олий таълим тизими бўйича қўйидаги масалалар кўриб чиқилди:

Биринчидан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган давлатларининг фуқаролари учун контракт миқдори қанча этиб белгиланган?

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида барча хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорлари бир хил миқдорда белгиланган. Бу жараёнда “Евроосий иқтисодий иттифоқи давлатлари” ёки “иттифоққа аъзо бўлмаган давлатлар” тушунчалари мавжуд эмас. Бу миқдор таълим соҳаларига қараб, бакалавриат бўйича 20 млн.сўмдан 33,6 млн. сўмгача; магистратура бўйича 22 млн. сўмдан 37 млн. сўмгача белгиланган.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг олий таълим муассасаларида қўшни республикалардан асосан Туркманистонлик талабалар катта миқдорни ташкил қилади.

Иккинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистонда қўшни давлатлар томонидан берилган дипломлар тан олинадими ва аксинча Ўзбекистон томонидан берилган диплом қўшни давлатларда тан олинадими?

Ўзбекистон Республикасида хорижда олинган (олий) маълумот олганлик ҳақидаги ҳар қандай ҳужжатлар тегишли тартибда нострификация қилинади. Фақат нострификация жараёнида махсус имтиҳонни топшириш ёки имтиҳонсиз шакларда амалга оширилади. Имтиҳонсиз шакллар булар: 1- Ўзбекистон ҳукумати билан муайян хорижий давлат ҳукумати ўртасида олий маълумот олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни ўзаро тан олиш бўйича битимлар мавжуд бўлса; 2- Хорижий университетларининг “ТОП-1000” рейтингига кирган олий таълим муассасалари томонидан берилган олий маълумот олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар; 3- Тегишли давлат органлари (вазирлик, идора ва ташкилотлар)нинг тавсияси билан хорижий давлатларга ўқишга юборилган Ўзбекистон фуқароларининг олий маълумот олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари.

Бошқа ҳолатларда барча хорижий давлатлар олий таълим муассасаларидан олинган ҳужжатлар нострификациядан, яъни махсус имтиҳон асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасалари томонидан берилган олий маълумот олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг хорижда тан олиниши муайян давлатнинг ички сиёсатига боғлиқ.

Учинчидан Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш олий таълим тизими бўйича ижобий ва салбий фикрлар қандай?

Евроосиё иқтисодий иттифоқига мамлакатимизнинг аъзо бўлиши олий таълим тизимида ҳам муайян муаммолар туғдиради. Бизда таълимга, жумладан олий таълимга фақатгина давлат сиёсати сифатида ёндашилган. Таълим – бу давлат сиёсати, айни пайтда таълим хизмати ҳамдир. Шу нуқтаи назардан олий таълим тизимида хусусий секторга йўл берилмади, ваҳоланки, 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонунда хусусий таълим муассасалари фаолиятига ҳам тегишли ҳуқуқлар назарда тутилган эди. Биз бу масалада ёппасига тақиқлаш тамойили асосида иш кўриб, олий таълимда хусусий сектор имкониятларини бой бердик, ўтган давр мобайнида бу соҳа қанчалар ривожланган ва бой тажриба тўпланган бўлар эди.

Ҳозирги шароитда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш натижасида хориждан жуда арзон ва рақобатбардош таълим хизматлари кириб келади. Уларнинг абитуриент қамрови ҳозирги мамлакатимизда олий таълим тизимимизнинг қамровидан бир неча баробар кўп бўлади, ва бу табиий ҳол. Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўз номи билан иқтисодий иттифоқдир, унга алоҳида шартлар билан, масалан олий таълим тизими бундай ҳамкорликдан ҳоли бўлиши керак, деган қарашлар инкор этилиши мумкин.

Мамлакатимизнинг олий таълим тизими ҳақиқий бозор муносабатларига мослашиши учун камида 5 йил муддат керак. Унда ҳам давлат томонидан қатор иқтисодий имтиёзлар берилиши талаб этилади. Акс ҳолда жаҳон стандартларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш мумкин эмас.

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Фан, таълим, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси

аъзолари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер