Эвакуацияда туғилган чақалоқларнинг бирига Мурод, яна бирига Шодиёна деб исм қўйилди
“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Давлат хизматлари марказлари ходимлари Сирдарёдаги сув омбори тошқинидан зарар кўрган Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалла аҳолиси орасида туғилганлик ҳамда никоҳ гувоҳномалари йўқолган фуқароларнинг мурожаатларини ўрганишни давом эттирмоқдалар.
Шу билан бирга ДХАнинг Сирдарё вилояти бошқармаси, туман- шаҳар давлат хизматлари марказлари ходимлари барча ўрганиш босқичларидан ўтиб, тайёр бўлган гувоҳномаларни эгаларига топширишмоқда ва қайта тикланган ҳужжатлар ҳеч қандай тўловларсиз расмийлаштирилмоқда.Хусусан, бугунгача 90 таси туғилганлик, 69 та никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар берилди.
— Буни қарангки, сардобалик чақалоқ Сайхунободда дунёга келди, — дейди ДХА Сирдарё вилояти бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси мутахассиси Дилфуза Жарбекова. — Сайхунликлар бир эмас, қўшалоқ оиланинг қувончига шерик бўлдилар. Бахмалсой маҳалласига жойлаштирилган Примқул ва Гулмира Рисбаевлар оиласида туғилган чақалоққа яхши ниятлар билан Муроджон деб исм қўйишди. Туманнинг Гулбулоқ маҳалласига Мирзаобод туманидан эвакуация қилинган Дилшод ва Мафтуна Беккелдиевалар оиласида эса жажжигина қизалоқ дунёга келди. Янги меҳмонга ҳар биримиз кунимиз шодликлар билан ўтсин дея Шодиёна деб исм қўйишди. Сайхунобод тумани ФҲДЁ бўлими мудири Дилфуза Шамсиева чақалоқларнинг ота-оналарига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни топширди.
Сардоба туманидаги 6-мактаб биносига жойлаштирилган фуқаролар Отабек ва Дилрабо Иминовалар оиласида туғилган чақалоққа эса Даврбек деб исм қўйишди ва Сардоба тумани ФҲДЁ бўлими мудири Моҳира Маҳмудова томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилиб берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг