Етиштирган асалимизда ҳамқишлоқларнинг ҳам ҳақи бор — Назира Рўзиева
Фото: “Халқ сўзи”
Бухоро туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини Работ қишлоғида яшовчи Назира Рўзиева бундан ўн беш йилча муқаддам тирикчилик важидан совуқ ўлкаларга бориб ишлаган, мусофирчилик машаққатларини кўрган юртдошларимиздан. У кунлар заҳматкаш бу аёл учун аллақачон ўтмишга айланиб улгурди.
— Қишлоқда шарт-шароитлар яхшиланаётгани, оилаларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилаётгани, ишлаб, рўзғоримга, эл-юртга наф келтираман деганни маҳалла қўллаб-қувватлаётганини кўриб, эшитиб кўнглим ёришди, — дея эслайди у. — Уйга, болаларимнинг бағрига қайтдим. 10 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, 9 та асалари оиласи сотиб олдим. Бу иш менга бегона эмас. Бир пайтлар отам, қолаверса қайнотам ҳам асаларичилик билан шуғулланишган, уларга кўмаклашганман. Саломатлиги туфайли уйда ўтириб қолган турмуш ўртоғим, болаларимнинг ёрдами тегаяпти. Биласиз, асал, асаларининг она сути, прополиси — саломатлик учун бебаҳо неъмат саналади. Асаларига чақтириш орқали шифо топган беморлар ҳақида ҳам эшитгансиз, албатта. Оиламда минг бир дардга шифо шу асал шарофати билан бутун дунёни таҳликага солган пандемия даври ҳам бехавотир ўтди.
Иш ўнгидан кела бошлагач, Н. Рўзиева маҳалла кўмагида банкдан яна имтиёзли кредит олди. Астойдил қилинган меҳнат ортидан асалари оиласи аввалига 90 тага, икки-уч йил ўтгач эса 300 тага етказилди. Маҳалла масъуллари билан маслаҳатлашган ҳолда Назира Йўлдошева “Устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйди. Натижада меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган 14 та оиланинг ҳовлисида асалари боқила бошлади. Эндиликда Работнинг қай бир хонадонига кирманг дастурхонда тандирда ёпилган нон қатори асал ҳам турганини кўрасиз.
— Назира опани анчадан буён яхши биламан, — дейди вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Меҳринисо Ҳусаинова. — Асаларичилик орқали рўзғорини бут қилаётган бу аёлнинг хайрли ишларидан хабардорман. У қўни-қўшниларига асаларичиликни ўргатганидан ташқари, қишлоқдошларига бир килограммдан бепул асал тарқатади. Сабабини сўрасангиз, “Асалари — ўта меҳнаткаш. Нафақат ҳовлимиздаги, балки қишлоқдошларимнинг ҳам гулзорлари, баҳорда қийғос гуллаган ўрику олмазорларидан нектар йиғади. Демак, мен олган асалда қишлоқдошларимнинг ҳам ҳақлари бор”, дейди у.
Айтмоқчи, Назира Йўлдошева асалари уяларининг бир қисмини хоҳиш-истакдан келиб чиқиб, қишлоқдошлари ҳовлисига элтиб қўйган. Мабодо, қутида асаларилар кўпайишиб, онабоши иккита бўлса, бағрикенг, танти бу аёл уларнинг бирини шу хонадонга туҳфа сифатида қолдиради.
Балки, бу оиладан қут-барака аримаётгани сабаби ҳам шундадир.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг