Эътибордан эл кўкаради
Фото: Халқ сўзи
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 июлдаги «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори доирасида ушбу муборак байрам олдидан чин маънода эзгуликка, меҳр-оқибатга йўғрилган тадбирлар юртимиз бўйлаб кенг қамровда ташкил этилмоқда.
Жумладан, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бўлими ва унинг ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан байрам арафасида 1 минг 666 та оилага 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 390 та оилага пул маблағи тарқатилди.
— Эътибордан эл кўкаради, дейишлари рост, — дейди Избоскан туманидаги Бой маҳалласининг Мироб кўчасида истиқомат қилувчи Турсуной Мирзақулова. — Қурбон ҳайити арафасида ҳолимиздан хабар олиб, моддий ёрдам берган масъуллардан миннатдормиз. Умуман, ҳаётимиздаги яхши-ёмон кунларда ҳамиша кўнглимизни кўтариб, моддий-маънавий кўмак бериб келишаётган саховатли инсонларнинг борлигига шукр!
Ҳайит арафасидаги йўқловдан, айниқса, Андижон туманидаги «Бўтақора мурувват уйи»да истиқомат қилувчи ҳамюртларимизнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Шу куни уларга жамғарма томонидан байрам совғалари тақдим қилинди.
Мазмун-моҳиятан хайру саховатга уйғун бундай тадбирлар давом этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг