Эътибор ва рағбатнинг ҳаётбахш қудрати

19:24 12 Май 2022 Жамият
1245 0

Фото: president.uz

Ўзбекистон халқ устаси, «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонаси раҳбари Муҳаммадали Юнусов Қўқон халқ амалий санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган ҳунармандлардан.

Ота-боболаридан мерос анъанани изчил давом эттираётган уста ўтган йиллар давомида Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз сингари шаҳарларда тарихий-маданий ёдгорликларни таъмирлаш, янги иншоотлар барпо этишда шогирдлари билан иштирок этди. Оилавий корхона ҳунармандлари Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикаси, Украинадаги элчихоналарини миллий услубда безатиш ишларини ҳам қойилмақом уддалашган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Олтиариқ туманидан сўнг Фурқат туманида бўлиб, «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.

— Қўл меҳнати орқали санъат даражасига кўтариладиган ҳар бир ишимиз, агар таъбир жоиз бўлса, қалбимизга кўчган обидалардир, — дейди Муҳаммадали Юнусов. — Муҳтарам Президентимиз эътибор ва ғамхўрлиги туфайли миллий ҳунармандчилигимиз жадал ривожланяпти.

Бугунги юзма-юз мулоқотда ҳам давлатимиз раҳбари қадри абад қадрият сифатида эъзозланадиган ушбу ҳунарни авайлаб-асраш, бу борада тажриба ва маҳорат мактаби яратиш таклифини илгари сургани мени ва шогирдларимни беҳад мамнун этди. Эътибор ва рағбатнинг ҳаётбахш қудрати бизни янада ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга ундайди.

Янги бунёд этилган ушбу замонавий мажмуа нафақат ёшларга ҳунар ўргатувчи марказ, балки Фарғона вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини намоён этувчи туристик маршрутлар рўйхатига киритилишига ҳам ишонамиз.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер