Ертешар одам. Ёҳуд олтмиш ёшли отахоннинг ғаройиб технологияси ҳақида

18:24 02 Июль 2021 Жамият
4063 0

Кўп кузатамиз. Миллиардлаб маблағ ҳисобига ётқизилган асфальтга кўп ўтмай шикаст етади. Негаки, ҳар доим ҳам йўл қурилишини лойиҳалаш узоқни ўйлаб қилинмайди, унинг остидан ўтадиган ва келажакда ўтиши мумкин бўлган турли коммуникация ва газ-сув тармоқлари ҳисобга олинмайди ёки шунчаки,«эсдан чиқиб қолади». Натижада киройи йўл кесилиб, қувур учун йўлаклар ковланади.Бир қанча вақт давом этадиган бу ишнинг ҳаракат хавфсизлиги ва равонлигига халақит бериши ўз йўлига, аммо энг зарарлиси, кесилган йўл аввалги ҳолатидек бўлмайди. Чунки, йўлсозларнинг тушунтиришича, асфальт ҳам тўқилган матодек, керак бўлса унданда мураккаб тўқималардан иборат бўлади. Шу боис қувур ўтказиб бўлингач, йўлга солинган ямоқ узоқ вақтга бардош бермайди, яхлит асфальт тўқимасига бирлашиб кетмайди, оқибатда айни жойларда чидамлилик ва яроқлилик йўқолади, доимий таъмирталаб бўлиб, бу «яра» кун ва ой сайин кенгайиб боради, айниқса, ёғин-сочиндан сўнг. Боиси, кесилиб, дарз еган қисм нам ўтказади, пировардида «яма»лар пайдо бўлади.Кейин эса, яна қачондир, қайта ёппасига асфальт ётқизилишигача, йўлсозлар ямоқчилик қилиш билан овора бўлади. Ортиқча меҳнат ва харажат юзага келади.

Қизиқ, мамлакат миқёсда олганда, бундай қайта қуришга қанча маблағ кетар экан? Бизнингча, миллиардлаб. Буни ўзи оддий ишчи бўлсада, боёвутлик Райимжон Расулбердиев ҳам яхши билади.

Райимжон узоқ йиллар сув таъминоти ташкилотиларида ишлаган. Ўша кезларда, Янгиердаги фаолиятида бошлиғидан мураккаб топшириқ олади. Шаҳар кўчаларидан биридан сув тармоғи учун қувур ўтказиш керак, лекин шарт шуки, қандай бўлмасин, йўлни асло бузмасдан. Райимжоннинг айни ҳозирги ўзи билмаган ҳолда миллиардларни тежаб қолиш имкониятини юз фоиз даражада кафолатлайдиган ва таъминлайдиган ер остидан қувур ўтказиш технологияси ўша топшириқ ижроси асносида яратилган. Гап шундаки, у на ёқилғи, на электр токи талаб қиладиган, қўл меҳнати билан ишлатиладиган ҳамда горизонталь йўналишдаги бурғулаш ускунасини ясайди. Ва ушбу асбоби биринчи уринишидаёқ кутилганидан зиёда натижа беради. Янгиердаги равон, текис кўчага ҳеч бир озор етказилмай, остидан қувур ўтказилади. Иш ҳам жуда тез, икки кунда бажарилади. Райимжон шундан бери ертешарлик билан шуғулланади. Дўстлари ҳам уни ҳазиллашиб, «Ертешар одам» деб мақтайди.

Райимжонни «Тошкент — Термиз» автойўлининг Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи йўл четида қурилаётган - масжид ва туристик бекат рўпарасида, иш устида учратдик. Бу ердаги вазифаси масжид мажмуасига йўлнинг бу томонидаги зовурдан сув олиш учун автомагистраль остидан ўттиз метрдан ортиқ узунликдаги кичик диаметрли қувур ўтказиб бериш экан. Иш битибди, синов тариқасида сув ҳам тортиб кўрилибди. «Сув келди!» шукронасига аллақачон, у қазиган хандағи атрофига бир неча туп арча ҳам ўтқазибди. Ҳандақ тепасидаги ўта саранжомлик билан уюлган, нари борса бир машинага юк бўладиган тупроқни айтмаса, бу ерда одатда шундай иш бажарилганда кўзга ташланадиган тартибсиз манзарадан асар ҳам йўқ. Қувур мутахассислар тавсияси ҳамда рухсати билан белгиланган чуқурлик ва ўлчамдаги лаҳмдан ўтказилган. Йўлга умуман зарар етмаган.

Райимжон Расулбердиевнинг ертешарлик усули оддий ҳам мураккаб: оддийлигининг моҳияти ҳам оддий, яъни у ортиқча харажат талаб қилмайди. Мураккаблиги эса, бу ишни муваффақиятли бажариш учун заҳматли меҳнат зарур, ер тилини билиш лозим. Райимжонда ана шундай маҳорат шаклланган. Ўнлаб ишчи ва бир неча техника воситалари бажарадиган ишни бир ўзи, қисқа муддатда қойилмақом қилиб бажараётганининг сири ҳам шунда: ўз ҳунарининг устаси даражасига етган. Айтишича, у ҳозиргача маҳалласи, қўни-қўшни, қариндош-уруғларининг ҳожатини чиқариш баробарида, республикамизнинг кўплаб ҳудудларида ҳам йўл ва бошқа жойлардан ерости тармоқларини ўтказиб берган.

Энди икки оғиз Райимжоннинг лаҳм қазиш усули ҳақида. Аввало иш бошлайдиган асосий томондан ўзи бемалол сиғадиган ҳандақ-айвон ковлаб олади ва ундан тортиб кетиладиган қувур изини ҳам.Сўнгра белгиланган чуқурликдан энлама (горизонталь) йўналишда тешишни бошлайди. Бурғулаш асбоби юқорида айтганимиздек қўл кучи билан ишлатилади. Дастлаб энг кичик диаметрдаги тишлар, кейингисида каттароғи билан лаҳм ҳосил қилинади. Агар бирон жойда бурғулар тош ёки тешиб бўлмас бошқа бирор қаттиқ жисмга тўғри келиб қолса, иш қайта бошланади. Қувур йўлининг белгиланган жойга етиб борганини аниқлаш - ҳам ғаройиб, ҳам ажойиб. Тешиш жараёни шу нуқтага етгач, Райимжон ёрдамчи чақиради. Ёрдамчи ҳандақдан туриб, болға билан бурғулаш асбобини уриб тақиллатади, Райимжон эса йўлнинг қарама- қарши томонига ўтиб, лаҳм етиб келган жойни тахминан белгилайди ва ерга қўлоқ тутади. Ва тез орада изланган жой аниқ топилади ва у очилади. Бу ёғига эса ҳосил бўлган тешикни яна бир бор равонлаштириш ва қувурларни жойлаштириш қолади, холос.

Хуллас, Райимжон Расулбердиевнинг ерости ўтказмалари бўйича тажрибаси ўрганса, оммалаштирса арзийдиган жайдари, аммо жуда самарали қурилиш-муҳандислик технологияси десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.Тўғри, интернетга қарасангиз, унинг ертешарлик усули аллақачон мавжудлигини ва бу борада турли замонавий асбоб-ускуналар ҳам яратилганини биласиз.Лекин,нима бўлганида ҳам, Райимжон Расулбердиев ихтиро қилган бурғулаш аппарати ўзига хос: харажатсиз- ёқилғи ёки электр токисиз ишлайди ва бу ушбу қувватлар йўқ бўлган ҳудудларда жуда асқатади, бемалол, ҳеч қандай муаммосиз фойдаланса бўлаверади. Кўп ишчи кучи ва харажат талаб қилмайди.

Негадир Райимжоннинг ишини жарроҳнинг фаолиятига менгзадим. Жарроҳ бўлганида ҳам ҳозирги тиғ урмай, лазер ёрдамида амалиёт ўтказадиган шифокорларга.

Аслида ҳам шундайда! Унинг меҳнати билан ўтказилаётган ерости тармоқларидан сўнг йўллар ва бошқа обод майдон, хиёбонларга ҳеч бир шикаст етказилмаса, иш ҳаракатга ҳам, бошқа жараёнларга ҳам халақит берилмаган ҳолда, саранжом-саришталик, ўта аниқ тартиб билан бажарилса!

Яна миллионлаб, миллиардлаб сўм маблағни тежаб қолиш имконияти бўлса, энг муҳими, равон асфальт бағрига ямоқ солишга ҳожат қолмаса!

Ўйлаймизки, бу жиҳатларнинг бари, лойиҳачилар,йўлсозлар, қурувчилар, айниқса, «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ», «Обод марказ» дастурлари бажарилаётган ҳудудлардаги масъулларни, қолаверса шахсий уй эгаларини қизиқтиради ва албатта, оддий бир инсон, ёши олтмишда бўлсада, Фарҳодникидек куч-қуввати, ўткир зеҳни ва моҳир қўллари билан катта бир муаммони ёлғиз ўзи ҳал қилаётган Райимжоннинг иш услубини амалда кенг қўллаш ҳақида ўйлаб кўрадилар.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер