Одамлар муаммоларини ҳал этишга қаратилган яхлит тизим
Хасан ПАЙДОЕВ - "Халқ сўзи"
Давлатимиз раҳбари илгари сурган секторлар фаолияти бугун ўз самарсини бериб, бу аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этишда муҳим ўрин тутмоқда.
Бунда, табиийки, Президентимизнинг “Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал бўлаётир.

Хусусан, Нурота туманининг иккинчи сектор ҳудудидаги бешта маҳаллада 4 минг 302 та оилада 18,5 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Албатта, фуқаролар бандлигини таъминлаш бугуннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Шу боис сектор масъуллари бу борада ўзаро ҳамкорлик асосида тизимли ишларни йўлга қўйган.
Биргина “Темирқовуқ” МФЙда тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Premir Textile” хусусий корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Натижада ҳудудда истиқомат қилувчи юздан ортиқ фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

“Аёллар дафтари”га киритилган Муаттар Наврўзовага новвойчилик фаолиятини йўлга қўйиши учун 33 млн. сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Ҳозирги кунда у ўзи каби дафтарга киритилган икки нафар хотин-қизнинг бандлигини ҳам таъминлади. Бундай мисолларни сектор ҳудудидаги барча маҳалла ва қишлоқлардан келтириш мумкин.
Яна бир мисол. “Сентоб” МФЙ ҳудудида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида таълим тожик тилида олиб борилади. Табиийки, мазкур тилда сиёсий, бадиий илмий-техник адабиётларга эҳтиёжни қаноатлантириш қишлоқда узоқ йиллардан буён муаммолигича қолиб келаётган эди.

Мазкур масала сектор раҳбарининг саъй-ҳаракати билан ҳал этилди. Қишлоқ марказида 2 100 дан ортиқ китоб фондига эга “Сентоб кутубхонаси” бунёд этилди. Бу каби чекка қишлоқларда аҳоли, айниқса, ёшларнинг таълим олиши ва ўз билимини мустаҳкамлаши учун муносиб шарт-шароит яратишда ҳам қаторли ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Темирқовуқ” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Отамурод Хўжамқуловга “Karakul — Education” ўқув марказини очиши учун 300 млн. сўм банк кредити олишига кўмаклашилиб, ушбу ўқув маркази ишга тушиши натижасида юздан ортиқ абитуриент ёшлар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриш учун мазкур таълим муассасасига турли фанлардан билим олмоқда.
Шунингдек, Амир Темур номидаги, “Қизилча”, “Каттасой” ва “Сентоб” маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшларни спортга кенг жалб қилиш мақсадида ўнта “Workout” майдончалари ташкил қилинди. Бундан ташқари, Саиджон Эшон қишлоғида 25 ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди.

Нуротада аёллар бандлигини таъминлашда тикувчилик, каштачилик ва зардўзлик азал-азалдан муҳим омил бўлиб келган. Сектор фаолиятида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни фаол ижтимоий ҳаётга жалб этишда айни омилга эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, Саиджон Эшон қишлоғида рўйхатда турувчи Юлдуз Тошпўлатовага тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит олишда кўмаклашилиб, ушбу фуқаро ўз тикув цехини ташкил қилди. Натижада уч нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди.

— Секторимиздаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар 532 нафарни ташкил этиб, ҳар бири алоҳида суҳбат асосида рўйхатга олинди, — дейди 2-сектор раҳбари, туман прокурори Фахриддин Норов. — Олиб борилган ишлар натижасида 264 нафар ишсиз аёлдан 79 нафарининг доимий бандлиги таъминланди. 65 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 68 нафарига 645,8 млн. сўм кредитлар ажратилди. Бу уларнинг оёққа туриб олишлари учун муҳим ўрин тутади.
Секторга бириктирилган маҳаллаларда 482 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, улар бандлиги таъминланиши, кредит ва ер ажратилиши, “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунармандларга бириктирилиши, субсидиялар берилиши натижасида уларнинг 463 нафари ушбу дафтардан чиқарилди. Шунингдек, тиббий ёрдамга муҳтож ёшларга турли кўринишдаги тиббий хизматлар кўрсатилиб, беш нафар талабанинг тўлов-контрактлари тўлаб берилди.

Шу билан бирга, сектор ҳудудида тўрт юздан зиёд эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, “Темир дафтар”га киритилган эди. Бу оилаларга 892 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилиб, улардаги 509 нафар ишсиз оила аъзоларининг бандлиги таъминланди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли бугун сектор ҳудудидаги 497 та, яъни 98,7 фоиз эҳтиёжманд оила “Темир дафтар”дан чиқарилди.

Умуман, секторлар аҳолининг муаммоларини жойида, туман, вилоят ҳамда республика даражасида ҳал этишни таъминлашга қаратилган яхлит тизим сифатида ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошираётир. Бу эса халқни рози қилиш, ҳудудларни ривожлантириш ва аҳоли турмуш тарзини яхшилашга хизмат қиляпти.



Темур ЭШБОЕВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг