Эрон Покистон ҳудудига ракета ҳужуми уюштирди
Иллюстратив фото
Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Покистоннинг Эрон билан чегарадош Балужистон музофотида жойлашган “Жайш ал-Адл” террорчилик гуруҳининг асосий базасига баллистик ракета ва учувчисиз самолётдан ҳужум уюштирди.
Бу ҳақда Press TV хабар бермоқда. Манбада айтилишича, бу Эрон қуролли кучларининг Покистон ҳудудига биринчи ракета зарбаси ҳисобланади.
Ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида Эрон жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон музофоти, Раск шаҳрида теракт содир этилган эди. Унинг оқибатида камида 12 нафар полициячи ҳалок бўлган, яна етти нафари яраланди.
Теракт учун масъулиятни Эронда террорчи гуруҳ деб тан олинган, аҳолисининг асосий қисми шиа мусулмонлари бўлган Эрон Ислом Республикаси ҳукуматига қарши курашаётган сунний “Жайш ал-Адл” гуруҳи ўз зиммасига олди.
Эроннинг жануби-шарқида Афғонистон ва Покистон билан чегарада жойлашган Систон ва Балужистон музофоти гиёҳванд моддалар савдоси ва терроризмга қарши курашаётган чегарачиларнинг ўлими билан боғлиқ хабарлар маҳаллий янгиликларда тез-тез тилга олинади. Бу ерда оғир иқтисодий, экологик ва диний ҳолат туфайли вазият янада мураккаблашмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг