Ерни ноқонуний эгаллаб олишга барҳам берилмоқда

19:08 25 Сентябр 2023 Жамият
781 0

Фото: “Халқ сўзи”

Навоий вилоятида йил бошидан буён 347 ҳолатда ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш аниқланган.

Ер — бебаҳо бойлик. Ундан фойдаланиш ва эгалик қилиш борасидаги барча муносабатлар мамлакатимизда “Ер тўғрисида»ги Қонун, бир қатор қонуности ҳужжатлари, “Ер кодекси” билан тартибга солинади. Мазкур ҳужжатларнинг ижроси ва уларда қонун устуворлигини таъминлаш ҳам турли идоралар томонидан амалга оширилиб, асосан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда агентликнинг Кадастрлар палатасининг зиммасида. Модомики, ер бебаҳо бойлик экан, уни қандай йўл билан бўлмасин қўлга киритиш, тасарруф этиш истаги барча замон ва ҳар қандай жамиятда учраб туради.

— Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси томонидан биргина жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида туман, шаҳар ер ва кадастр назорати инспекторлари томонидан 347 та ҳолатда 35,75 гектар ер майдонини фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний эгаллаб олинганлиги ҳамда ушбу ер майдонларига ўзбошимчалик билан бино-иншоотлар қуриб олинганлиги аниқланди, — дейди бошқарма бошлиғи Дониёр Нишонов. — Аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва ер майдонини қонуний эгаларига қайтариш учун 347 та ҳолатда қонунбузарларга ёзма кўрсатмалар юборилди ва улардан тўғри хулоса чиқарган 306 та фуқаро 29,72 гектар ер майдонда қурилган қурилмаларни ўз ҳисобларидан бартараф этишди. 31 та ҳолатда 5,72 гектар ер майдонни ер эгаларига қайтариш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилди, 2 та ҳолатда 0,07 гектар ер майдонида жиноят аломатлари борлиги сабабли прокуратура органларига ўтказилди. Қолган 8 та ҳолатда 0,24 гектар ер майдони қонун бузилишлар бартараф этиш жараёнида.

Бугунги кунда Навоий вилоятининг ер ресурслари 11 миллион 109 минг гектарни ташкил этиб, шундан 222 минг гектаригина суғориладиган ер майдонларидан иборат. Унинг ҳам 91 минг гектарида доимий экин экилади. Мазкур ерлардан фойдаланишда 108 ҳолатда 88,73 гектар ер майдонидан мақсадсиз фойдаланиб келинганлиги аниқланиб, “Ер кодекси”нинг 36-моддасига асосан улар бўйича вилоятнинг туман ва шаҳар ҳокимликларига ер майдонларини қайтариш бўйича тақдимномалар киритилган.

— Шунингдек, жорий йилнинг 8 ойи давомида вилоятда 766 та Ер ва кадастр соҳасидаги қонун бузилишлар аниқланиб, ушбу қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан берилган огоҳлантиришлардан тўғри хулоса чиқармаган фуқаро ва юридик шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жами 3 миллиард 316 млн 860 минг сўм жарималар қўлланилди, — дейди Давлат Кадастрлар палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев. — Шундан 2 миллиард сўмдан ортиғининг ундирилиши таъминланиб, қолган 44 ҳолат бўйича 206 млн. 950 минг сўмлик жарималар мажбурий тартибда ундириш учун Мажбурий ижро бюроларига юборилди.

Таъкидлаш жоиз, Ер билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ва уларнинг ижросини таъминлаш анчагина билим ва тажрибани талаб этади. Уларнинг мазмун-моҳияти, талаб ва шартлари бўйича эса фуқаро ва юридик мақомдаги шахсларимизнинг аксарияти очиғини айтсак, юзакигина билимга эга. Шу сабаб мамлакатимизда фуқароларнинг ер билан боғлиқ мулкий муносабатларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлида қатор тадбирлар амалга оширилиб, биргина жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тўртта қарори қабул қилинди.

Республика Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда агентликнинг Кадастрлар палатаси Навоий вилоят бошқармаларининг Республика Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликдаги Матбуот анжуманида мазкур қарорларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилиб, уларни кенг оммага етказиш ва ижросини таъминлашда ОАВларининг ўрни алоҳида таъкидланди.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер