«Ерфуруш»ларга ҳукм ўқилди

10:41 05 Июнь 2021 Жамият
1201 0

Кейинги пайтларда мансабдор шахсларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда ер сотиш ҳолатларига кўп гувоҳ бўлмоқдамиз. Гарчи, қонун амалларига биринчилардан бўлиб риоя этишлари керак бўлсада, аслида виждони қолиб жиғилдонини ўйлайдиган мансаб эгалари қонун қонунбузарликни кечирмаслигини ҳам яхши билишади. Кўза эса кунда эмас, кунида синади. Андижон вилоятида 100 гектар ер майдони учун 128 минг доллар пора олган тўрт нафар мансаб эгалари ҳам қилмишига яраша жазо олдилар.

Андижон вилоят судидан маълум қилишларича, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси» бош мутахассиси лавозимида ишлаган А. О., «Универсал водий гипс» МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаган У.А., фуқаро У. А. лар олдиндан тил бириктириб, жабрланувчи Д.И.дан Хўжаобод тумани ҳокимлигида ишлайдиган танишлари орқали туман ҳудудидан чорвачилик фермер хўжалиги ташкил этиш учун унга жами 100 гектар ер майдони ажратиб, ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига, фирибгарлик йўли билан жами 135 минг АҚШ доллари талаб қилишган. Судланувчилар жабрланувчи И.Д. дан 29 март куни 128 минг АҚШ долларини Андижон шаҳар, Бўстон даҳасида жойлашган «УзДонгЯнг-Ко» қўшма корхонаси олдида олаётганларида ДХХ ҳамда ИЖҚК департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбир давомида ушланган.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур шахслар ўзларининг бу ёрдамлари учун муқаддам аванс сифатида 7 минг АҚШ доллари олганликлари аниқланган.

Шунингдек, шу куни О.А.нинг ихтиёрий розилигига кўра давом эттирилган тезкор тадбирда вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш Бош бошқармаси хўжалик мудири-ғазначиси лавозимида ишлаган С. У. талаб қилинган пуллардан ўзига тегишли қисми, яъни 70 минг АҚШ долларини О.А. дан республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг автотураргоҳида олаётган вақтида қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида ушбу ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди ва қонунбузарларга нисбатан 10 йил 2 ойдан 10 йил 6 ўйгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилди.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер