Ер уволи нон уволидан кам эмас
Фото: «Халқ сўзи»
Андижон туманидаги Гумбаз маҳалласининг аксар хонадонларида томорқа майдони кенг. Муҳими, бу ерда оқава сув сероб. Шундай бўлгани ҳолда бу имкониятдан унумли фойдаланувчилар кам. Ваҳоланки, маҳаллада эҳтиёжманд оилалар сони ҳам оз эмас.
Сектор раҳбари Жасурбек Умрзоқов ҳудудда томорқа деҳқончилигини ривожлантириш, аҳолини даромадга йўналтириш мақсадида 100 нафардан зиёд гумбазликларни Асака туманидаги Файзобод ва Ниёзботир маҳаллаларига бошлаб борди. Гумбазликлар асакаликлар бир қарич ердан ҳам тўрт мартагача ҳосил олаётганликларини, сунъий ҳовузда балиқ етиштираётганликларини, иссиқхоналардаги ноз-неъматларни кўриб, бундай омилкорлик сирларини ўрганишга аҳд қилдилар.
— Тўрт сотих майдонда томорқам бор, — дейди Гумбаз маҳалласида яшовчи Ойдиной Арслонова. — Томорқадан даромад топишга ҳаракат қилмаган эдим. Асакаликлар бир сотих ердан йил давомида ҳосил йиғиб, ўртача 20 миллион сўм даромад олаётганини ўз кўзим билан кўриб, ернинг уволига қолиб юрганлигимни тушундим. Файзободлик бир оила билан келишиб олдим, улар менга иссиқхона шароитида кўчат етиштириш ва помидор билан бодринг парваришлашни ўргатадиган бўлди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг