Ер участкалари бўйича қарор чиқариш ҳокимлардан маҳаллий Кенгашларга ўтказилади
Мамлакатимизда ҳар қайси хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан қўлга киритган мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизими яратилган. Айниқса, мулкка эркин эгалик қилиш тамойилини мустаҳкамлаш бўйича кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, Ер кодексининг 16-моддасида ер давлат мулки — умуммиллий бойлик эканлиги, ундан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва у давлат томонидан муҳофаза этилиши қатъий белгилаб қўйилган. Соҳага оид қабул қилинган Президент қарор ва фармонлари тадбиркорлик, фермерлик ва хусусий бизнес вакилларининг имкониятларининг кенгайишига муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган «Мулкдор ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси борада янги босқични бошлаб бериши, шубҳасиз.
Инчунун, 2018-2019 йилларда давлат тасарруфидан чиқариш натижаларини қайта кўриб чиқиш бўйича расмий органлардан 526 та даъво аризаси киритилган. Уларнинг 250 таси қаноатлантирилиб, мулклар давлат ихтиёрига қайтарилган. Ана шундай ҳолатларни тартибга солиш, хусусий мулк дахлсизлигини янада кучайтириш мақсадида амалдаги қонунга ўзгартишлар киритиш таклиф қилинмоқда.
Мазкур ҳужжат мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан катта аҳамиятга эгадир. Зеро, қонун лойиҳасида ер участкаларининг ҳокимлар томонидан олиб қўйилишига тақиқ белгилаш, ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, умуман, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини тугатиш бўйича ваколатларини қисқартириш масалалари ўз аксини топган.
Қонун лойиҳасида корхоналарни (ташкилотларни) давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда мол-мулкни хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи нормалар ҳам белгиланган. Шу билан бирга, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва Ер кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Аҳамиятли томони, ушбу лойиҳа билан ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига берилмоқда. Бу ўз навбатида, сўнгги вақтларда хусусий мулк ва ер участкалари масаласида фуқаролар ва маҳаллий ижро ҳокимияти ўртасида юзага келаётган турли хилдаги зиддиятларга барҳам беради.
Умуман олганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мулкдорлар ҳуқуқларини, уларни мулк ҳуқуқидан асоссиз равишда маҳрум этишдан ҳимоя қилади. Бошқача айтганда, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларининг ўрни тўлиқ қопланиши ҳамда мулкдорларнинг давлатга ва унинг органларига бўлган ишончи ортиши таъминланади.
Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг