Ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилди
Иллюстратив фото
Қонунийликни таъминлаш ҳозирги тараққиёт даврида катта аҳамиятга эга. Яъни давр ўзгарган сари ижтимоий ҳаёт ҳам тубдан ривожланиб бормоқда. Жумладан, ер билан боғлиқ айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан.
Ҳуқуқий демократик давлат ҳамда комил шахслардан иборат фуқаролик жамиятини тузиш давлатимизнинг энг асосий тамойил ва мақсадларидан бири ҳисобланади. Аммо ушбу мақсад йўлида мамлакатимизда, аввало, халқаро эътироф этилган нормалар татбиқ этилиши лозим.
Бундан ташқари, халқнинг миллий анъаналари ҳамда турмуш шароитига мос бўлган, фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг кафолатланган ҳолда татбиқ этилиши ҳам олий масала, десак, муболаға бўлмайди. Бироқ, давлат ва жамият манфаатларини таъминлаш доимо мукаммал ҳамда ҳеч қандай бўшлиқларсиз, изчиллик билан ҳал этилиши керак. Ва бу борада кўплаб ўзгаришлар бўлаётгани ҳам сир эмас. Жумладан, бу ер муносабатларида ҳам татбиқ қилинаётир.
Миллий ҳуқуқ тизими негизида Конституция ва қонунлар мужассам, яъни қонунчиликни, асосан, улар ташкил қилади. Аммо шахснинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ниҳоятда муҳим ва долзарб вазифадир. Чунки бу учун давлат ўз олдига жуда катта масъулиятни олади, у орқали давлатнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ҳолати қарор топади. Шунинг учун ҳам шахс, жамият ва давлат бир-бирига бевосита боғлиқ бўлиб, уларнинг биргаликда замон талаблари ёрдамида ишлаши ҳар биримиз учун улкан ютуқ бўлиши табиий.
Қонун ҳужжатларига бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳаётимизнинг иқтисодий енгиллашишига, айниқса, бизни қийнаб келаётган баъзи муаммоларга осонлик билан жавоб топишимизга хизмат қилиши мумкин. Аҳолига яратилаётган имкониятлар тоифасига ер билан алоқадор қонунчилик тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар яққол мисолдир.
Чунки айнан “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун негизида бир пайтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, ҳам Ер кодексига сервитут тўғрисидаги шартнома таркибидаги унинг иштирокчилари ҳуқуқ ва эркинликлари, уни ўзгартириш ҳамда бекор қилиш, унга ҳақ тўлаш ва оммавий сервитутни белгилаш қоидаларига бир қатор қўшимчалар киритилди. Бу орқали эса айнан сервитут масалалари бўйича юзага келадиган муаммолар ҳал қилиниши кўзда тутилган.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 19 ноябрда қабул қилинган “Ижара тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасига қўшимча сифатида 81-модда киритилди. Яъни ижара муносабатлари, асосан, ижарага берувчи ҳамда ижарага олувчи иродасини акс эттиради. Унда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарага олувчилари ҳуқуқ ва мажбуриятларни учунчи шахсга ҳам бера олиши, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўзгариш ҳолатлари ҳам алоҳида келтирилган.
Иккинчидан, 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 17-моддасининг 5-қисми қуйидагича баён қилиниши кераклиги белгилаб қўйилган: “Юридик ва жисмоний шахслар ўзига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёки мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда хусусийлаштиришга ҳақли”.
Изоҳлайдиган бўлсак, эндиликда умрбод эгалик ҳуқуқига эга шахсларда ўзига тегишли ерни хусусийлаштириш имконияти мавжуд.
Демак, юқоридаги нормалардаги ўзгартириш ва қўшимчалардан ҳам кўриниб турибдики, барча ислоҳотлар инсон ва жамият фойдаси ҳамда уларнинг турмуш даражасини ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш, хусусийлаштириш орқали бозор муносабатларини янада қарор топшириш учун амалга оширилмоқда.
Учинчидан, 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-модда иккинчи қисми 1-бандидаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини” деган сўзлар “Тадбиркорлик, шаҳарсозлик фаолиятини ва қонунчилик билан таъқиқланмаган бошқа фаолият турларини” деган сўзлар билан алмаштирилди.
Яъни Ер участкаларини бериш (реализация қилиш), мулк қилиб бериш (реализация қилиш) — қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, шу жумладан, якка тартибда уй-жой қуриш ҳамда уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик, шаҳарсозлик фаолиятини ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион воситасида тартибда амалга оширилишга оид норма юзага келди.
Бу ҳолатда ҳам ерни хусусийлаштиришда аҳолига яратилаётган енгилликлар яққол кўзга ташланади. Яъни эндиликда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланилмайдиган ерларни қонун билан тақиқланмаган барча йўллар билан онлайн аукцион орқали бемалол ижарага олиш имконияти пайдо бўлди. Муҳими, кўплаб юртдошларимиз эндиликда ортиқча оворагарчиликсиз бундан самарали фойдаланиши мумкин.
Дилафруз АЗИМОВА,
Тошкент давлат юридик университети
Давлат бошқаруви кафедраси доценти.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг