Ер силкинишидан огоҳлантирган Google зилзилани прогноз қилиш усули эмас, у сейсмик тўлқинларни тарқалиши билан боғлиқ жараённи узатиш тизими

14:00 24 Март 2023 Жамият
580 0

АОКАда ўтказилган брифингда Сейсмология институти директори ўринбосари Воҳидхон Исмоилов зилзилани олдиндан аниқлаш йўналишидаги ишлар, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан маълумот берди.

Аndroid қурилмасидан фойдаланувчи Ўзбекистон аҳолиси 21 март соат 21:47 да Афғонистон ҳудудида содир бўлган кучли зилзиланинг сейсмик тебранишлар тўғрисида илк бор эрта огоҳлантириш тизими орқали маълумотлар олишди. Баъзи бир инсонлар сейсмик тебранишлардан 1 дақиқа олдин, баъзилар эса бир неча сония олдин зилзила тўғрисида хабардор бўлишди. Бу хабар илк бор бўлганлиги сабабли аксарият аҳоли ўртасида тушунмовчиликларга ва эътиборсизликларга олиб келган бўлса, баъзи бир инсонларда эса кучли ваҳима ва қўрқувларга сабаб бўлди.

Google компанияси томонидан 2020 йили ишлаб чиқилган ва Android тизимига ўрнатилган зилзила тўғрисида эрта огоҳлантириш дастури илк бор АҚШнинг Калифорния штатида синовдан ўтган дастур ҳисобланади. Шундан бошлаб Google компанияси зилзилани эрта огоҳлантириш тизимини жаҳон тизимига айлантириш бўйича ишламларни олиб борди ва Android қурилмасида ишлаётган мобил телефонларнинг жаҳон тўрида сейсмик тебранишлари ҳақида эрта маълумотлар олиши имконияти яратди.

Албатта бу ғоя янгилик эмас, чунки Япония ҳудуди учун зилзилаларни эрта огоҳлантириш тизими Япония метереологик агентлиги томонидан яратилган ва қўлланиб келинмоқда. Худди шундай минтақавий тизим Мексикада, Хитойда, Тайванда, Италияда, Руминияда ва бошқа давлатларда ҳам қўлланилмоқда. Лекин Google компанияси яратган мобил дастур бутун жаҳонни қамраб олиш имкониятига эга.

Яратилган эрта огоҳлантириш тизимининг асосий афзаллиги бу барча мобил фойдаланувчиларига қисқа вақтда кутилаётган сейсмик тўлқинлар тўғрисидаги маълумотни етказишдир.

Шуни таъкидлаш керак Google тизими бу зилзилани прогноз қилиш усули эмас, балки зилзила содир бўлгандан сўнг сейсмик тўлқинларни тарқалиши билан боғлиқ жараён узатиш тизимидир. Унинг негизида зилзила ўчоғидан тарқалаётган бўйлама ва кўндаланг тўлқинларни маълум бир ҳудудда вақт бирлигидаги фарқ ётади.

Зилзила ўчоғидан тарқалган бўйлама тўлқиннинг яқин атрофдаги сейсмик станцияларда қайд қилингандан сўнг 3 сонияда зилзила тўғрисидаги маълумот, яъни ўчоқнинг чуқурлиги, зилзила кучи, орадаги масофа, Google тизими орқали дунёга тарқалади. Кўндаланг тебранишлар физик моҳияти бўйича талафотли тебранишлар бўлганлиги сабабли, унинг етиб келиш вақтини қанчалик эрта билсак бир мунча хавфсизликни таъминлаган бўламиз.

Хитой тадқиқотчиларининг берган маълумотга кўра эрта огоҳлантириш тизими жорий қилинганда 3 сония ичида шикастланишларни 14 фоизга, 10 сонияда жароҳатланиш ва қурбонларни 39 фоизга ва 20 сонияда 63 фоизга қисқартириши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, зилзилани эрта огоҳлантириш тизимини мавжудлиги сейсмик хавфсизликни таъминлашнинг самарали йўналишлардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра Япония аҳолининг 65 фоизи эрта огоҳлантириш тизимидан самарали фойдаланишар экан.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер