Ер қудрати – деҳқон қуввати

11:37 09 Ноябрь 2021 Жамият
744 0

Фото: Халқ сўзи

Йилнинг тўрт фаслида ҳам деҳқон учун иш топилади. Шу кунларда юртимиз соҳибкорлари жорий йилда етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиштириб олиб, келгуси йил ҳосили ташвишига тушган.

Худди шундай, Самарқанд вилояти фермерлари ҳам кузги шудгорлаш ишларини уюшқоқлик билан ўтказмоқдалар. Вилоятда 2022 йил ҳосили учун 117 минг 58 гектар ер майдонини кузги шудгордан чиқариш режалаштирилган бўлиб, мавсумга 542 дона ҳайдов тракторлари жалб қилинган. Техникалар ёрдамида бир кунда 2 минг 371 гектар, жорий йилнинг 8 ноябрь ҳолатига 18 минг 970 гектар ер майдони сифатли шудгорланди.

- Кузги шудгорлаш ишлари ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 1 минг 330 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарининг 38 минг 253 гектар ер майдонларида мониторинг тадбирлари ўтказилди, - дейди инспекциянинг вилоят бошқармаси катта инспектори Адилжон Арзиқулов. - Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 82 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарининг 574 гектар шудгорланган майдони сертификат асосида қабул қилинмагани, 1 минг 193 та қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 14 минг 164 гектар ер майдонида такрорий экинлар йиғиштириб олиниб, ғўзапоядан тозаланган бўлса-да, ўз вақтида шудгорланмагани ҳолатлари аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан огоҳлантиришлар берилди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер