Эплаган икки ошар...

08:51 29 Июль 2022 Жамият
768 0

Фото: Халқ сўзи

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги Қорақум маҳалласининг Янги гузар кўчасида яшовчи Муқаддас Маҳматова ўтган йили Фарғона вилоятидан 400 туп павловния кўчати олиб келган эди. Ўша ниҳоллардан 100 тупи амал олди, холос. Бунга кўчатлар айни томир ёзаётган палла оқар сувдаги узилиш ва, албатта, уни ўстиришда ҳали аёлнинг тажрибаси йўқлиги сабаб бўлди. Шундай бўлса-да, ўтган кўкламда тайёр кўчатларидан бир қисмини сотиб, водийда қилган харажатини қоплади. Ҳозир ҳовлисида 1 ярим минг туп павловния ўсяпти, уларни сотса, пули соф фойда бўлади. Муҳими, энди унда ушбу набобот турини томиридан кўпайтиришдан то парваришлашгача бўлган агротехникаси бўйича яхшигина малакаси бор. Бунга Муқаддас асосан Интернетдаги манбаларни ўқиб, ўрганиш орқали эришди.

Муқаддас Маҳматова яқин йилларда йилига 6 мингта тезўсар павловния кўчати етиштиришни режа қилган. Яна беҳизор барпо қилиш учун 500 туп кўчат ҳам тайёрламоқда. Эътиборлиси, уларнинг пайвандини ҳам Интернетдаги тавсиялар орқали ўрганиб, ўзи бажарди. Қолаверса, Фарғонадан павловния кўчатлари олиб келган бўлса, Жиззахдан биогумус ҳосил қилишда иштирок этадиган чувалчанг келтирди. Яъни бир парча ерида ана шу фойдали ўғитни тайёрлашни йўлга қўйди. Энди тадбиркор аёлнинг томорқасида қулупнай пайкаллари ҳам пайдо бўлмоқда.

Муқаддас яшаётган маҳалла чекка қишлоқлар сирасига киради. Шунданми, ёғочининг юқори сифатлилиги жиҳатидан қарағайдан кейинги ўринда турадиган павлония дарахти кўчатлари мазкур маҳаллада борлигини узоқ-яқиндаги харидорлар ҳали яхши билишмайди. Шу боис тегишли ташкилотлар тадбиркор аёлга кўчатлар сотувида амалий кўмак берса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

— Маҳалламизда Муқаддас Маҳматова каби боғдорчилик, кўчатчилик ва бошқа йўналишларда тадбиркорлик қилаётган хотин-қизларимиз кўпчиликни ташкил этади, —  дейди “Қорақум” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Барно Ҳамдамова. — Масалан, улардан бири боғ яратган бўлса, бошқаси чеварлик цехи ва тўгараги очган. Аёлларимиздан бири қуён кўпайтириб, ундан келган даромадга маҳалламизда икки қаватли савдо-хизмат кўрсатиш мажмуаси қурмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,  “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер