Энг кўркам маҳаллалар рўйхати тузилса...
Мабодо, юртимизда кейинги бир йилда кўркам қиёфага кириб, чирой очган манзиллар рўйхати тузилса Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Кўлиодина маҳалласи олд қаторни эгаллаши тайин. Бундай дейишимиз бежиз эмас.
— Ортда қолган бир йил ичида ҳудудимизда катта ўзгаришлар юз берди, — дейди маҳалла раиси Санъат Авезова. — Қишлоқларимизда “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” тамойили асосида кенг қамровли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Йўллар равон бўлди. Аҳолини газ, электр энергияси, ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилди. Ижтимоий соҳа объектлари таъмирланди. Янги мактабгача таълим ташкилоти иш бошлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолига яратилаётган бу қулайликлар фуқароларимизнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларида пойдевор вазифасини ўтаяпти.

Яқинда маҳалланинг замонавий биноси ҳам барпо этилиб фойдаланишга топширилди. Қўш қаватли бу иншоот 1 миллиард 203 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига қад ростлади. Бу ерда мурожаатчилар ҳамда маҳалла “еттилиги” учун зарур барча қулайликлар муҳайё этилган. Бинода тадбиркор Наргиза Болтаева томонидан тикувчилик цехи фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, йигирма нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Маълумотларга қараганда, вилоятда фаолият юритаётган 544 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 98 таси ўз биносига эга эмас. Вилоят ҳокимлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар томонидан бу маҳаллаларга босқичма-босқич маъмурий бинолар қуриб бериш кўзда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг