Энергетика вазирлиги март ойи учун газ истеъмоли меъёрларини тушунтирди
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метр ҳажмидаги табиий газ истеъмолининг базавий меъёри 15 мартга қадар узайтирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 16 мартдан 31 мартга қадар аҳоли қўшимча 50 куб метр табиий газ учун базавий тариф бўйича тўлов қилиши мумкин бўлади.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, 16–20 март кунлари Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ҳарорати кўтарилиши кутилмоқда: кундузи +22 даражагача, кечаси +10 даражагача.
«Шу муносабат билан, 16 мартдан бошлаб 1 ноябрга қадар табиий газ истеъмолининг базавий меъёри — ойига 100 куб метргача (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 октябргача) этиб белгиланади», — дейилади хабарда.
Энергетика вазирлигининг қайд этишича, иситиш даврида амал қилган 500 куб метрлик ойлик базавий меъёр ойнинг биринчи ярмига (1–15 март) мутаносиб равишда тақсимланганда 250 куб метрни ташкил этади. Ойнинг иккинчи ярми (16–31 март) учун амал қилувчи 100 куб метрлик ойлик базавий меъёр эса мутаносиб равишда 50 куб метрни ташкил этади.
Шунга кўра, истеъмолчилар ушбу 50 куб метр газ учун ҳам базавий меъёр доирасида — 1 800 сўм эмас, балки 1 000 сўмдан тўлов қиладилар.
Президент қарорларига мувофиқ, муҳтож оилаларга давлат томонидан ҳар ой фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади.
Компенсация миқдори қуйидагича:
Электр энергияси учун: базавий меъёрдан ташқари 150 кВт·соатгача (ойига 200 кВт·соатдан кейин);
Табиий газ учун: қиш ойларида — базавий меъёрдан ташқари 250 куб метргача, бошқа ойларда — 150 куб метргача.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг