Энергетик барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида сифат ўзгаришларига катта туртки бўлди
Энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, жумладан, табиий газга бўлган ички талабни барқарор қондириш, иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз таъминлаш мамлакатимиз энергетика сиёсатининг асосини ташкил этади. Шу боис иқтисодиёт ва аҳолининг табиий газга эҳтиёжи ортиб бораётган ҳозирги шароитда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолияти самарадорлигини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Буни Президент жорий йилнинг ўтган қисқа даврида тизим раҳбарияти билан олти марта учрашиб, соҳани ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб бергани ҳам тасдиқлайди.
Мухбиримиз “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг молия, трансформация ва хусусийлаштириш бўйича биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев билан нефть-газ тармоғида қазиб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш ва янги захираларни ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда тизимдаги катта ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашди.
— Кейинги пайтда бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан нефть-газ саноати ислоҳ қилиниб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизимида самарадорликни оширишга қаратилган тизимли янгиланишлар амалга ошириляпти. Айтингчи, бу саъй-ҳаракатлар соҳада қандай сифат ўзгаришларга сабаб бўляпти? Унинг дастлабки натижалари нималарда кўринмоқда?
— Давлатимиз раҳбари томонидан энергетика тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, нефть-газ тармоғи тубдан ислоҳ қилинмоқда. Бу жараёнда бизнинг олдимизга табиий газ қазиб чиқариш динамикасини туширмаслик, мавжуд пасайиш омилларини бартараф этиш ҳамда уларни қоплаш вазифаси қўйилган. Шундан келиб чиқиб, жамиятимиз томонидан «Долзарб 100 кунлик» дастури эълон қилинди. Ишлар ана шу дастур асосида пишиқ-пухта йўлга қўйилган туфайли дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида эришилган самара ва қисқартирилган харажатлар 3,0 трлн. сўмни ташкил қилди.
Таъкидлаш жоизки, эришилган самара ҳисобидан геология қидирув, 3D сейсмик қидирув ишлари, бурғилаш ва қазиб чиқариш ҳамда маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш тадбирлари молиялаштирилиши режалаштирилган бўлиб, бу келгусида янги конларнинг очилиши, углеводородларни қизиб чиқариш ҳажмининг ошишига замин яратади.
Бундан ташқари, кадрлар масаласида ҳам анча ўзгаришлар амалга оширилди, жумладан, ходимлар сони ихчамлаштирилиб, жойлардаги ишчи-ходимлар иш ҳақлари оширилди. Албатта, бу ҳам иш самарадорлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатяпти.
— 2026-2027 йилларда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини барқарор даражада таъминлаш мақсадида геология-қидирув ва геологик-техник ишларни кенгайтириш режалаштирилган. Бугунги кунда табиий газ захираларимиз истиқболи қандай баҳоланяпти? Айрим мустақил экспертларнинг яқин йилларда Ўзбекистон газ экспорт қилувчи давлатдан уни импорт қилувчи мамлакатга айланиши ҳақидаги прогнозлари нечоғлик ҳақиқатга яқин?
— Маълумки, Ўзбекистон улкан ер ости бойликларига эга мамлакат ҳисобланади. Хусусан, табиий газ захираси бўйича дунёнинг етакчи давлатлар қаторидан жой олган. Лекин айни дамда бундан 20, 30 йил аввал топилган газ қудуқларининг босими тобора пасайиб бориши натижасида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари пасаймоқда. Шу боисдан Президентимиз томонидан соҳада, энг аввало, геология-қидирув ва бурғилаш ишларига катта эътибор қаратиляпти. Амалиётга замонавий технологиялар қўлланилаётгани бу борадаги имкониятларни тобора кенгайтирмоқда. Натижада бугунги кунда геология-қидирув ишлари геологик жиҳатдан мураккаб ҳисобланган янги ҳудудларда ҳамда янада чуқурроқ ётган истиқболли қатламларда олиб борилмоқда. Айтайлик, илгари нефть-газ соҳасидаги қидирув ишлари фақат 2,5−3 минг метр чуқурликда олиб бориларди. Эндиликда бу бизга чегара эмас. Ўтган йили саноатимиз тарихида биринчи марта Устюртда 6,5 минг метр ер қаърини бурғилаб, жуда катта газ захираси топилгани шундай дейишга асос бўлади.
Республикадаги кон ва майдонларнинг чуқур геологик тузилишини ўрганиш ҳамда излов бурғилашга янги структуралар аниқлаш мақсадида жами 10 000 кв.км ҳажмда 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилиши белгиланди. Бу ўтган йилдагига нисбатан 4 баравар кўпдир.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, бу йил “Ўзбекнефтгаз” тарихидаги энг катта ҳажмда бурғилаш ишлари амалга оширилади. Яъни 103 та қудуқ, шу жумладан, 58 та излов-қидирув қудуғи, 45 та ишлатиш қудуғини бурғилаш режа қилинган. Геология қидирув ишларини жадаллаштириш, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида 20 та инвестиция блоки учун рухсатномалар олинди. Ўз навбатида, геология-қидирув асбоб-ускуна паркини модернизация қилиш ҳамда уларга замонавий ускуналарни жалб қилиш мақсадида 12 та бурғилаш дастгоҳи, 2 та 3D сейсмик мажмуа ва 100 дан ортиқ каротаж асбобини харид қилиш юзасидан хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилди.
Юртимизда энергетик барқарорликни таъминлаш мақсадида шу тариқа табиий газ захиралари йил сайин кўпайтириб борилаверади. Жумладан, 2026 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газ захираларини ўстириш ҳажми 25,0 млрд. м3 қилиб белгиланган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида янги қудуқларни ишга тушириш, мавжудларини таъмирлаш ва технологик тадбирларни амалга ошириш ҳисобига қўшимча ҳажмлар таъминланди. Бу борадаги ишлар кўламини йил давомида янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
— Геология-қидирув ишларида ҳақида гап кетганда, одамлар кўз олдига, энг аввало, Сурхондарё вилоятида рўй берган техноген ҳолатлар келади, десак, адашмаймиз. Янги истиқболли майдонларни излаш, қудуқларни чуқур бурғилаш ва геологик қатламларни ўрганиш жараёнида хавфсизликни таъминлаш масаласида амалиётга қандай технологик ва инновацион ечимлар қўлланилмоқда?
— Хавфсизликни таъминлаш, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида замонавий технологияларни жорий қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, бурғилаш ва дала ишлари устидан халқаро стандартлар асосида назоратни кучайтириш мақсадида супервайзинг тизимини йўлга қўйиш, геологик-гидродинамик моделлаштириш ва қазиб чиқариш дастурларини янада пухта шакллантириш бўйича чоралар белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, дастлаб қудуқнинг геологик қатламлари чуқур ўрганилади, хавфсизликни таъминловчи барча зарур чора-тадбирлар кўрилади. Чунки қудуқ аномал юқори босимли бўлиши эҳтимоли бор. Шу сабабли, қудуқ усти ўрнатиладиган мукаммал жиҳозлар босим остида синовдан ўтказилади. Шунингдек, ўрганилмаган қудуқларни бурғилашда ходимлар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш учун барча турдаги ҳимоя воситалари билан тўлиқ таъминланади.
Ушбу йўналишдаги технологик ва инновацион ечимлар ҳақида гап кетганда, жамият марказий аппаратида бурғилаш ишларини бошқариш маркази ташкил қилиниб, бурғилаш жараёнлари 24/7 режимида доимий назорат қилиш йўлга қўйилганини айтиш жоиз. Бундан ташқари, фавқулодда ҳолатлар ва очиқ нефть-газ фаввораларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисмини янги технологик ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, ходимлар малакасини ошириш ва кўникмалар ҳосил қилиш учун виртуал тренажёрлар орқали тайёрлаш, хорижда тажриба ошириш чоралари кўрилмоқда.
— Соҳада қўшимча қиймат яратиш, яъни газни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат занжирини ҳосил қилиш, импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қандай янги лойиҳалар амалга ошириляпти?
— Импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш “Ўзбекнефтгаз” АЖ бугунги фаолиятининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Натижада ушбу йўналишда кўплаб лойиҳалар ижросига киришилган.
Улар орасидан “Uzbekistan GTL заводи негизида чизиқли алкилбензол (LAB) ишлаб чиқариш” лойиҳасини алоҳида келтиришни истардим. Сабаби, ҳозирги кунда Ўзбекистон LAB (Linear Alkylbenzene — чизиқли алкилбензол) маҳсулоти бўйича тўлиқ импортга боғланиб қолган бўлиб, унга бўлган ички эҳтиёж йилига тахминан 25-30 минг тоннани ташкил этади. Маиший кимё бозори ривожлангани сайин унга талаб йилига ўртача 3-5 фоизга ўсиб бормоқда. Натижада маиший кимё воситалари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар LAB маҳсулотини катта валюта эвазига Россия, Эрон, Хитой, Саудия Арабистони каби давлатлардан сотиб олишяпти. Бу эса тайёр маҳсулот — кир ювиш воситалари нархининг рақобатбардошлигини пасайтиради.
Янги лойиҳа амалга оширилгач, LAB маҳсулотига бўлган ички талаб тўлиқ қопланиб, импортига ҳожат қолмайди. Энг асосийси, лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқарилгач, Ўзбекистонда ҳар йили 40-50 млн. доллар миқдоридаги хорижий валюта тежаб қолинади.
Айни пайтда Қозоғистон Республикасининг “KMG Petrochem” компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ушбу лойиҳанинг лойиҳа олди ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
— Хабарингиз бўлса керак, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ҳомийлик тўловларини тўхтатиш ҳақидаги қарорлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Харажатларни мақбуллаштириш, соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш молиявий барқарорликни таъминлашда қандай роль ўйнайди?
— Бу саволга жавоб беришдан олдин, аввало, “Соҳага оид бўлмаган активлар” ҳақида тушунча бериш мақсадга мувофиқ. Яъни у корхонанинг асосий фаолиятига оид бўлмаган ҳамда ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этмайдиган активларга нисбатан айтилади.
Мазкур активларни тасарруфдан чиқариш ҳамда ҳомийлик тўловларини тўхтатиш орқали сарфланаётган сақлаш харажатларини иқтисод қилишга ва операцион харажатларни мақбуллаштиришга эришилади. Иқтисод қилинган ресурслар эса ишлаб чиқариш жараёнида зарур бўлган хомашё ва материаллар харид қилиш, табиий газ захираларини кўпайтириш ва қазиб олиш барқарорлигини таъминлаш, таъмирлаш ва бутлаш, геология ишларига йўналтирилади.
— Ижтимоий тармоқларда соҳа ходимлари, аниқроғи, қуйи тизимда меҳнат қилаётган ишчиларнинг ойлик маоши камлиги ва уларнинг вақтида берилмаслиги билан боғлиқ эътирозларга ҳам тез-тез дуч келамиз. Янги раҳбарият ушбу йўналишда қандай ўзгариш қиляпти?
— Қайси соҳа бўлмасин, унинг барқарор ривожланиши, истиқболи, энг аввало, инсон капиталига боғлиқ. Шунинг учун “Ўзбекнефтгаз” тизимида инсон капиталига устувор аҳамият қаратилиб, ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатлари, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш алоҳида муҳим йўналиш сифатида белгиланди.
Биз юқорида қайд этган иқтисодий самаранинг маълум бир қисми ходимларнинг ойлик маошларини ошириш, иссиқ овқат, мавсумий ва махсус кийим-бош билан таъминлаш, талабга жавоб бермайдиган эски автобуслар ўрнига хавфсиз ва қулай бўлган, замонавий автобуслар сотиб олиш каби муҳим ижтимоий лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади. Мисол учун, Устюрт кенгликларидаги ишчилар учун 200 ўринли ётоқхона, 160 ўринли ошхона ва анжуманлар зали қурилмоқда. Шунингдек, кон ва объектлардаги мавжуд ишчилар шаҳарчаси босқичма-босқич капитал таъмирланиши, гигиеник анжомларни янгилаш ҳамда зарур маиший жиҳозларни харид қилиш ва кир ювиш хоналарини ташкиллаштиришга ҳам маблағлар йўналтирилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизим ташкилотлари томонидан 2026 йил
1 апрелдан бошлаб ишчи-ходимларнинг ойлик иш ҳақи 10 фоизга оширилгани ҳам ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар сирасига киради, албатта.
— Давлатимиз раҳбари томонидан ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш, коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш жамият фаолиятининг муҳим устувор йўналишлари сифатида белгилаб берилган. Бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
— Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш, коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш жамият фаолиятининг муҳим устувор йўналишлари сифатида белгилаб берилган. Ана шу асосида 2026 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Коррупцияга қарши ички назорат департаментининг ташкилий тузилмаси қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрирда тасдиқланди.
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, комплаенс назорат йўналишида муқаддам қабул қилинган 20 дан зиёд ички идоравий ҳужжат такомиллаштириш мақсадида қайта кўриб чиқилди. Шунингдек, 21 нафар ходим ротация қилинди.
Президентимизнинг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш ҳамда тизим ташкилотларида коррупциявий омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан бир нечта корхона ва ташкилотларда ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилди.
Шу билан бирга, харидлар жараёни назоратида бир қатор ортиқча харажатларнинг олди олинди. Чет эл ва маҳаллий корхоналарнинг санкциявий рўйхатларда мавжудлиги юзасидан текширувлар ўтказиб келинмоқда. Манфаатлар тўқнашуви йўналишидаги ўрганишлар натижасида бир нечта ҳолатлар (қариндошчилик) мавжудлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли ишлар бажарилди.
Умуман олганда, коррупциявий хавф-хатарлар реестри шакллантирилган бўлиб, ушбу хавф-хатарларнинг юқори даражадагиларини ўрта даражага, ўрта даражадагиларини паст даражага тушириш чора-тадбирлари кўрилди. Буларнинг барчаси нефть-газ соҳасини ривожлантириш, “Ўзбекнефтгаз” тизимида табиий газ қазиб чиқаришда ўсиш суръатларига эришиш орқали энергетик барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Саид РАҲМОН
(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг