Эндиликда кўришда ногиронлиги бўлган инсонлар бебаҳо хазинадан баҳраманд бўлишлари мумкин

16:48 04 Декабрь 2023 Жамият
465 0

Пойтахтимиздаги Ёшлар Пресс клубида “Китоб Плус” — кўриш бўйича ногиронлиги бўлган инсонлар учун Ўзбекистондаги биринчи аудиокитоблар онлайн кутубхонасини яратиш юзасидан лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда ОАВ вакиллари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилот ходимлари, шунингдек, инклюзив таълимга муҳтож бўлган иқтидорли ёшлар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев очиб, мазкур лойиҳани кенг оммага жорий этиш ҳамда яратилган илова фойдаланувчилари аудиториясини кенгайтириш мақсадида бажарилиши керак бўлган режалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Бу илованинг бошқа платформалардан фарқли томони шундаки, илова барча қулайликларга эга бўлиб, фойдаланувчилар эса учта тильда — ўзбек, рус, инглиз тилларида бемалол қўллай олиш имконига эга бўлишади. — деди “Китоб Плус” лойиҳаси раҳбари Мирали Ғиёсов. — Қолаверса, онлайн кутубхона ортиқча қийинчиликларсиз ишлайди ва кутубхона тўртта бўлимдан — китоблар, муаллифлар, сухандонлар, жанрлардан ташкил топган ҳамда бу борада зарур бўлган барча элементлар билан бойитилган. Ўзбек ва жаҳон адабиётига доир аудиокитоблар жамланмаси платформага жойлаштирилган.

Пресс клуб давомида россиялик дастурчи, “Логос” онлайн кутубхонасининг бош директори Михаил Корнеев лойиҳанинг техник жиҳатлари, қайси платформалар учун мўлжаллангани ҳақида иштирокчилар билан онлайн тарзда мулоқот қилди.

Дарҳақиқат, ушбу лойиҳа амалиётга татбиқ этилиши кўришда ногиронлиги бўлган инсонларнинг бебаҳо хазинадан баҳраманд бўлиши, аудиокитобларни тинглаб маънавий оламини янада бойитишлари учун яқиндан кўмак беради десак муболаға эмас.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Мунира РАҲИМОВА, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер